Зайтун ёғи хавфли касалликнинг олдини олади

Aмерика кардиологлар ассоциацияси олимлари юрак хуружи хавфини камайтирадиган маҳсулотни аниқлашди. Бу ҳақда Express нашри хабар бермоқда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, зайтун ёғи юрак касалликлари хавфини камайтиришга ёрдам беради. Тадқиқотга 1990 йилдан 2014 йилгача бўлган даврда 63867 нафар аёл ва 35512 нафар эркак жалб қилинган. Ҳар тўрт йилда улар ўзларининг диетаси ва турмуш тарзи билан боғлиқ саволлардан иборат анкетани тўлдиришди.

Тадқиқотчилар ҳар куни ярим ош қошиқдан зайтун ёғи истеъмол қилганларда юрак хасталиги хавфи 15 фоизга, юрак-қон томир касалликлари хавфи эса 21 фоизга камайганини аниқладилар. Шу билан бирга, зайтун ёғини кўп истеъмол қилиш инсульт хавфига таъсир қилмаган.