Тошкент вилоятида дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилиши олди олинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Паркент туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро У.Ю. дори воситаларини ноқонуний муомалага киритиш орқали даромад орттиришни кўзлаб, хорижда ишлаб чиқарилган «Тисовир» (Фавипиравир) номли дори воситасини ҳар бир қутисини 295 минг сўмдан ҳисоблаб, харидорга 300 қути дорини 88,5 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бу ҳақда Тошкент вилояти прокуратурасининг расмий телеграм каналида хабар берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.