Жазирама иссиқдан қочиб тоғларга чўмилгани кетдингиз-у, аммо қуёшдан ҳимояловчи кремни унутиб қолдирибсизми? Бугунчалик яйраб ҳордиқ олинг, аммо эртага чидаб бўлмас даражада лов-лов ёниб ачишаётган терингиз учун жон куйдирмасангиз бўлмайди. Бунинг учун олдиндан сизга ас қотадиган тавсияларимизни айтиб ўтамиз.
Агар сиз бугуннинг ўзидаёқ терингиз куйганини ҳис этсангиз, дарҳол баданингизга совуқ сувда намланган сочиқ босинг ёки музли компрессдан фойдаланинг. Бу терининг совишига ва қайта тикланиш жараёнини йўлга қўйишга ёрдам беради.
Шуни ёдда тутингки, қуёшдан қаттиқ куйиш сувсизланишга олиб келади. Шундай экан, кўпроқ тоза сув ичинг.
Қуёшдан куйиш аломатларини тезда бартараф этишда халқ табобати усуллари ҳам яхшигина ёрдам беради. Масалан, қуёшдан куйганда кўпчилик қатиққа мурожаат қилади. Аммо ундан бирламчи даво воситаси сифатида фойдаланиш тавсия этилмайди.
Шунингдек, куйиш натижасида келиб чиққан оғриқ ва ачишишни бартараф этишда хом картошкани қирғичдан чиқариб, суви билан суртиш ҳам яхши самара беради.
Қуёшдан куйиш асоратсиз ва доғларсиз бартараф этилишини истасангиз, помидорли компрессдан фойдаланинг.
Қуёш нури қовоқларингиз терисига ҳам зарар етказган бўлса, дамланган чой пакетларини кўзингизни юмган ҳолда компресс қилинг. Ушбу усул қовоқлардаги шишларни қайтаришга ҳам яхши самара беради.