Таътил вақтида фарзандингиз телевизорга қарам бўлиб қолмаяптими?

Узоқ кутилган ёзги таътил кунлари ҳам келди. Мана шундай кунларда болажонларнинг кўп вақтларини телевизор ва компьютерлар қаршисида ўтказмасликлари учун ота-оналар қўлдан келганча ҳаракат қилишлари керак.

Хўш, нима деб ўйлайсиз, нега замонавий болалар телевизор томоша қилишни жуда яхши кўрадилар?  

Ойнаи жаҳонга қарам бўлган болалар ҳамиша ўз таассуротларини ўзгартиришга интилишади, улар ташқи стимулга муҳтожлар ва минг, афсуски буни экрандан қабул қилишади. Китоб ўқиш ва катталарнинг насиҳатларини тинглашни истамайдиган болаларнинг соатлаб телевизор томоша қилишлари, уларнинг ижодий фаоллигини кескин пасайтиради ва дунёқарашларини торайтиради.

Экранга қарам бўлишнинг асосий сабабларидан бири - бу бола учун янада қизиқарли ва мазмунли машғулотларнинг етишмаслиги ёки йўқлигидир. Бундан кўриниб турибдики, бирор бир машғулот билан шуғулланувчи болалар одатда телевизор экранига боғланиб қолмайдилар. Ҳеч бўлмаганда, фарзандингизни уй ишларига жалб қилинг. Масалан, дам олиш кунлари биргаликда ширинлик тайёрланг, уй тозалаш ишларини ўйин тарзида мароқли машғулотга айлантиринг. Буни шунчаки буйруқ бериб, вазифа шаклида талаб қилманг, биргаликда бажаринг. Энг муҳими, бажараётган юмушингиздан ўзингиз ҳам завқланинг. Шунда фарзандингиз ҳам меҳнатга меҳр қўяди. Буларнинг барчаси болага ҳақиқий ҳаётда жуда кўп қизиқарли нарсалар борлигини ҳис қилиш имкониятини беради.

- Телевизор ва видеоларни томоша қилишни аудио ва радиоэшиттиришлар тинглаш билан алмаштиринг. Ҳикоялар ва эртакларни қулоқ орқали идрок этиш боладан видеонинг кетма-кетлигини идрок этиш учун кўпроқ ички фаолликни талаб қилади. Натижада бола бир вақтнинг ўзида ҳам тинглаб, ҳам бошқа юмуш  билан бемалол шуғулланиши мумкин.  

- Фарзандингизнинг томоша қиладиган мултфильм ёки севимли дастурларини назорат қилинг. Бунда анимацион сериаллардан кўра қисқароқ ва фойдали бўлган болажонлар учун кўрсатувларни кўришига шароит яратиб беринг.

- Кўпгина ота-оналар кичкинтойларининг иштаҳаси йўқлигидан шикоят қиладилар. Иштаҳани яхшилаш учун овқатланиш пайтида телевизор кўрсатмасликка ҳаракат қилинг.

- Фарзандингиз билан қизиқарли фильмларни биргаликда томоша қилинг. Фильм тугагач, таассуротларингизни биргаликда муҳокама қилинг. Фарзандингиз билан бирга фильм сюжетига мос ўйинчоқлар ўйнанг.

Албатта, ойнаи жаҳонга бўлган қарамликни бартараф этиш учун ота-оналардан узоқ вақт ва сабр талаб этилади, аммо натижада фарзандингиз соғ-саломат ҳамда дунёқараши кенг бўлиб камол топади.