Шу бугундан ташлайман!

Биласизми, Ер юзида ҳар 6 сонияда бир киши тамаки чекишдан кўз юмади. Агар сиз ҳам шу қурбонлар сафида бўлишни истамасангиз, биз қуйида эътиборингизга ҳавола этувчи халқ табобати усуллари бу масалада мушкулингизни осон қилади.

Ёдингизда тутинг, тамаки чекишни ташлашга аҳд қилган биринчи кунингиз ўзингизга ёқадиган машғулотлар билан шуғулланишингиз даркор. Оддий кунни ҳам байрамона ўтказинг ва агар иложи бўлса ўртоқларингиз билан сайрга чиқинг. Ана шунда заҳри қотил дўстингизсиз кунни қандай ўтказганингизни сезмай ҳам қоласиз.

Агар сизда бирдан чекиш истаги пайдо бўлиб қолса, сақич чайнанг, қанд шиминг ёки мева-сабзавотлардан истеъмол қилинг. Шунингдек, жисмоний тарбия билан шуғулланиш, жумладан, югуриш ва турли гимнастик машқларни бажариш ҳам тамакидан қутулишингизга яхшигина ёрдам беради.

Бундан ташқари, оддийгина дамланган қора чойга ялпиз ва валериана ўсимликларини қўшиб кун давомида ичиб юриш ҳам тамакига бўлган иштиёқингизни камайтиради.

Нонуштада нонингизга сариёғ ўрнига балиқ мойи суртиб ейиш ҳам бу борада сизга беминнат ёрдам беради.

Одамзод ҳамма нарсага кўникувчан бўлади, ҳаттоки йўқчиликка ҳам. Ҳар бир инсоннинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, фақат ва фақат ўзигагина аён бўлган ҳақиқатлари мавжуд. Ана шундай ҳақиқатларга тик боқиб, синовларни сабр ила енгиб, не-не душманларга бас келган кишига бу арзимаган митти душман устидан ғалаба қозониш нима бўлибди..?!

Эъзоза