Сув — оби ҳаёт! Сувни таъми тозалик билан...

Аҳолининг соғлом турмуш тарзига амал қилишида, яъни шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш ва ҳамма жойни озода сақлаш, кийим-кечакларни тозалаш ҳамда сувни тежаш орқали она табиатимизни асраб-авайлаш бугуннинг долзарб мавзуларидан бири десак, муболаға бўлмайди.

Ҳақиқатан ҳам, cув – ҳаёт манбаи. Бу иборанинг айни ҳақиқат эканини қурғоқчил минтақада жойлашган давлатлар, жумладан, мамлакатимиз аҳолиси ҳам жуда яхши билади. Дарҳақиқат, сув бор ерда ҳаёт мавжуд. Сув нафақат инсоннинг яшаш тарзини, балки атроф-муҳитнинг ҳам ўзига хос кўринишда бўлишини белгиловчи асосий омиллардан биридир. Шу муносабат билан 22 март санаси – Бутунжаҳон сув куни деб эълон қилингани бежизга эмас.

Сув инсон ҳаёти учун зарур бўлган энг муҳим табиий ресурс саналади, у озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, энергия ва саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, инсоннинг маиший ҳамда санитар-гигиеник эҳтиёжларини қондириш каби функцияларнинг бажарилишини таъминлайди.

Сув ҳам суюқ, ҳам қаттиқ, ҳам газ ҳолатида учровчи ягона табиий ресурсдир. Умуман олганда, сув ресурсларининг сайёрамиздаги захираси бисёр, лекин уларнинг аксарияти истеъмол учун яроқсиз.

Ер шаридаги барча сув захираларининг 97,2% океанларда жамланган ва таркиби ўта шўр бўлганлиги учун истеъмолга яроқсиз. Сув захирасининг 2,2% ер юзи ва тоғликларни қоплаган музликлардаги чучук сувлар ҳиссасига тўғри келади.

Мазкур сувлар эса инсон яшайдиган ерлардан узоқда жойлашгани туфайли, уларни истеъмолда ишлатиш жуда қийин.

Дунёдаги барча дарё ва кўллар, ер ости сув манбаларининг умумий сув захираси бутун Ер шари сув захирасининг атиги 0,6%ни ташкил қилади. Ушбу сувларнинг фақат бир қисминигина инсон истеъмол қилиши мумкин. Мазкур захирага кирувчи ер ости сувларининг аксар қисми ҳамда кўплаб кўлларнинг суви минераллашганлиги учун уларни ҳам тўғридан-тўғри истеъмол қилиб бўлмайди.

Минтақамизнинг умумий сув ресурсларидан фойдаланишда Ўзбекистон халқаро тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси томонидан 1992 йилда қабул қилинган «Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Конвенцияси», БМТ томонидан 1997 йилда қабул қилинган «Халқаро сув оқимларидан кема қатновисиз фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенция»лар доирасида иш юритади.

Ривожланган ғарб мамлакатларида бир киши бир кеча-кундузда истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш (бунга қайта ишлаш ва пишириш кирмайди) учун нонуштага 760, тушликка 5 300 ва кечки овқатга 10 600 литр сув сарфланади.

Сув – организмнинг барча ҳужайра ва тўқималари таркибий қисмига киради.

Катта ёшдаги инсон танасининг 50 – 60% ини сув ташкил қилади, ёшлар танасидаги сув нисбати эса бундан кўпроқ бўлади.

Сув моддалар алмашинувида катта аҳамиятга эга. Агар одам мутлақо овқат истеъмол қилмаса, лекин сувни меъёрда ичса, 40 – 45 кунгача (унинг тана массаси 40% камайгунча) яшаши мумкин.

Аксинча, овқат меъёрда бўлиб, сув ичилмаса, тана массаси 20 – 22% камайса, одам бир ҳафтага етар-етмас ўлиши мумкин.

Сув овқат таркибида ва ичимлик сифатида истеъмол қилинади. Ошқозон ва ичаклардан қонга сўрилган сув ҳужайра ва тўқималардаги моддалар алмашинувида иштирок этади. Унинг асосий қисми нафас чиқариш, терлаш ва сийдик билан ташқарига ажратилади. Катта одам организмининг бир кеча-кундуздаги сувга эхтиёж 2-3 литрни ташкил этади.

Ўзбекистоннинг иссиқ ёз иқлимида терлаш ва нафас чиқариш орқали организм кўп сув йўқотади. Шунинг учун чанқоқлик юзага келиб, оғиз қуруқлашганда сувни кўп ичавермай, оғиз тез-тез чайиб турилса, нордон сув (лимонли сув, минерал сув) ёрдамида чанқоқ босилади.

Сув эритувчи сифатида ҳужайраларнинг парчаланишини таъминлайди. Шу билан бирга ҳужайра фаолияти туфайли ҳосил бўлган моддалар сув ёрдамида ташқарига чиқарилади.

Кўп кимёвий моддалар ҳужайранинг ташқи мембранаси орқали фақат эриган ҳолда ўтиши мумкин. Сув тоза кимёвий модда сифатида ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга. Бир қатор катализаторлар таъсирида сув гидролиз реакцияларини амалга оширади. Бу реакцияларда сувнинг ОН – ва Н + гуруҳлари турли молекулаларнинг эркин валентлигига бирикади. Натижада янги хусусиятга эга янги модда ҳосил бўлади.

Сув катта иссиқлик сиғимига ва иссиқликни яхши ўтказиш хусусиятига эга. Шунинг учун ҳужайра ичидаги ҳарорат деярли ўзгармайди ёки ҳужайра атрофидаги муҳитга нисбатан жуда кам даражада фарқланиши мумкин.

Шундай қилиб, одамга қанча сув зарур? Ушбу саволга жавоб бериш учун сувнинг катта физиологик аҳамиятга эгалигини, у оқсил, ёғ, углевод, витамин ва минерал тузлар қаторида асосий озиқ моддалардан бири эканини ёдга олиш лозим. Одамнинг физиологик эҳтиёжини қондириш учун суткада 2-3 литргача сув сарфланади. Ўрта Осиё шароитларида эса ҳаво ҳарорати 39-40 даражагача исиб, намлик камайиб кетганда сувга бўлган эҳтиёж жуда ортади ва у суткасига 4 – 6 литрга етади.

Чўл, саҳролардаги жазирама иссиқ шароитида жисмоний меҳнат оғирлигига қараб одамнинг сувга бўлган физиологик эҳтиёжи суткасига 8 – 11 литргача етиши мумкин.

Рўзғорда, хўжаликда анча-мунча сув ишлатилади: шахсий гигиенага риоя қилиш ва ҳар томонлама озодалик, ободончилик учун… Шу туфайли, канализация ўтказилмаган қишлоқ туманларида «Сувга бўлган эҳтиёжнинг гигиеник нормаси» суткасига 1 киши учун 60 литрдан кам бўлмаслиги керак. Табиийки, шаҳарларда бу норма анча баланд ва ўрта ҳисобда 300 – 400 литрни ташкил этади.

Эъзоза тайёрлади