Соч тўкилиши олдини олинг

Соч турмаги ташқи кўринишда муҳим рол ўйнайди. Ҳар биримиз мустаҳкам ва қалин соч соҳиби бўлишни орзу қиламиз. Бунинг учун ниқоблар, дори воситалари ва ёғлардан фойдаланамиз. аммо баъзида шунча ҳаракатларимиз зое кетади ва улар тўкила бошлайди. Бунга икки омил сабаби бўлади. Яъни ташқи ёки ирсий механизм. Ташқи таъсирнинг олдини олиш мумкин, лекин ирсий сабабнинг иложи йўқ.

Сочларимиздан айрилиб қолмаслигимиз учун тавсиялар:

Балансли овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи. Биринчи ва асосий тамойил - соғлом турмуш тарзи. Тери, соч ва тирноқлар - бу тананинг умумий ҳолатини кўрсатадиган ўзига хос кўрсаткич. Соч тўкилиши кўпинча ички патологиянинг дастлабки белгиларидан бири ёки моддаларни етарли даражада истеъмол қилмаслигининг оқибати ҳисобланади.

Бунинг олдини олиш учун йиллик тиббий кўрикдан ўтиш ва етарли миқдорда оқсил, темир истеъмол қилиш керак. Булар соч тўкилишининг олдини олиш учун калит.

Бош териси гигиенаси. Яна бир муҳим тамойил бош терисини тўғри парвариш қилишдир. Бош терисининг ўта ёғланиб кетиши соч тўкилишига сабаб бўлади. Лекин одамлар орасида тез-тез шампундан фойдаланиш соч тўкилишига олиб келади деган фикр мавжуд. Бу нотўғри. Бош териси ҳам терининг ҳар қандай қисми каби, гигиенани талаб қилади.

Соч турмаги. Соч турмагини мустаҳкам ушловчи воситалардан доимий равишда фойдаланиш ва ҳар қандай кимёвий воситалар сочлар соғлом ўсишига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, сочиқ билан қўпол ишқалаш ва фендан фойдаланиш нам сочларга шикаст етказади ва соч тўкила бошлайди.

Гўзалликка эришиш учун доим табиий воситалардан фойдаланиш керак. Сунъийлик эса албатта вақти келиб ўз таъсирини ўтказади.

М.Мирзалиева