Силга чалиниш хавфини камайтириш учун нималарга эътибор бериш керак?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2019 йилдаги статистикасига кўра, дунёда бир йилда қарийб 10 миллиондан ортиқ киши сил касаллиги билан оғрийди – улардан 5,6 миллион эркак, 3,2 миллион аёл ва 1,2 миллион бола.

Сил (туберкулёз) – ўпкада кечувчи оғир юқумли касаллик, суяк, бўғим, кўз ва бошқа аъзоларни шикастлайди. Иммунитети заиф инсонлар кўпроқ касал бўлишади.

Сил касаллигини келтириб чиқарувчи омиллар (иммунитетнинг пасайиши)

• ноқулай ижтимоий ва экологик ҳаёт шароитлари;

• тўйиб овқатланмаслик;

• алкоголизм, чекиш, гиёҳвандлик;

• стресс;

• ҳамроҳ касалликлар (диабет, ошқозон яраси ёки ўн икки бармоқ ичак яраси, ўпка касалликлари) ва бошқалар.

Сил касаллигининг қўзғатувчиси - микобактериялар (1882 йилда немис шифокори Р. Кох томонидан кашф этилган Кох таёқчалари) атроф-муҳит омилларига нисбатан юқори қаршиликка эга: қайнатилганда улар 5 дақиқадан сўнг ўлади, т600 C да 20 дақиқа давомида яшаши мумкин, кўча чангларида улар 10 кунгача сақланиб қолади, сувда эса 5 ойгача яшашда давом этади. Хлорни ўз ичига олган моддалар 3-5 соат ичида микобактерияларнинг ўлимига сабаб бўлади. Бактериялар юқори намлик шароитида, турли хил нарсаларда, шунингдек, маҳсулотларда, айниқса, сут маҳсулотларида ҳаётийлигини сақлаб қолади.

Касаллик олдини олиш учун нималарга эътибор бериш керак:

• ижобий фикрлаш;

• зарарли одатлардан воз кечиш;

• шахсий гигиенага риоя қилиш;

• вакцина қабул қилиш;

• ҳар йилги флюорография текшируви;

• уйда тозаликка эътибор бериш;

• жисмоний фаоллик;

• тўлиқ овқатланиш тартиби;

• тоза ҳаво ва қуёш нури;

• бемор билан алоқани чеклаш.