Сил олдида «ожиз» қолмаслик учун

Сил касаллиги қандай юқади?

Сил юқтиришнинг асосий манбаи ўпка сили билан касалланган инсондир. Нафас олиш йўлларидан, айниқса, йўтал вақтида сил таёқчалари мавжуд бўлган балғам ажралади. Балғамнинг майда томчилари яқин атрофдаги соғлом одамнинг нафас йўлларига тушиши мумкин. Балғам ер юзаси, нарса ва жисмларга тушади. Инфекция гигиена қоидаларига риоя қилмаслик туфайли инсон танасига кириб бориши мумкин, масалан, жамоат транспортида тутқичларга теккандан сўнг қўлингизни ювмасангиз ёки ювилмаган сабзавот ва меваларни, ишлов берилмаган гўшт ва қайнатилмаган сутни истеъмол қилсангиз.

Силдан қандай сақланиш мумкин:

Сил касаллиги билан касалланмаслик учун сиз соғлом турмуш тарзини олиб боришингиз керак. Соғлом бўлиш учун яхши асаб тизими лозим, шунинг учун стрессдан сақланиш муҳим аҳамиятга эга. Овқатланиш тартиби мукаммал бўлиши, у етарли миқдордаги оқсилларни ўз ичига олиши керак. Чанг, шамоллатилмаган хоналар сил касаллиги бактерияларининг тарқалишига замин яратади. Касалликнинг олдини олиш учун бинолардаги ҳаво айланиш тизимига эътибор қаратиш лозим.

Силга хос бўлган аломатлар:

• 2-3 ҳафта ёки ундан кўпроқ вақт давомида йўтал;

• кўкрак қафаси оғриғи;

•вазн йўқотиш;

• балғамнинг қон билан келиши;

• тунда терлаш;

• ҳароратнинг даврий кўтарилиши;

• умумий ҳолсизлик ва заифлик;

• периферик лимфа тугунларининг шишиши.

Aгар сиз ушбу аломатларни ўзингизда сезсангиз, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг!

Маҳфуза