Суд-тиббий экспертиза хулосаси: фуқаронинг ўлимига вакцина сабаб бўлмаган
Шифокорларга қўл кўтарган муштумзўрларга жазо муқаррар

Самарқандда шифокорлар калтаклангани ҳақида хабар бергандик.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, мавқеини мустаҳкамлаш, уларга муносиб меҳнат ва ҳаётий шароитларни яратишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ шунга қарамасдан, баъзи ҳолларда  тиббиёт ходимлари фаолиятига нописанд муносабатда бўлиш, ҳатто куч ишлатиш ҳолатлари учраб тургани ачинарлидир.

Айниқса, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида халқимиз саломатлигини асраш, уларни коронавирус хасталигидан ҳимоя қилиш йўлида фидойилик билан хизмат қилаётган бугунги кун қаҳрамонлари – тиббиёт ходимларига бўлаётган бундай салбий муносабат ва хатти-ҳаракатлар нафақат соҳа вакиллари, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам ғазабини қўзғамоқда.

Аниқланишича, жорий йилнинг 15 июль куни соат таҳминан 22:30 да  Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани «Зарбдор» оилавий шифокорлик пунктида жойлашган тез тиббий ёрдам бўлимига туманнинг «Қўшқудуқ» маҳалласида яшовчи фуқаро Х.М. маст ҳолда келади ва 22 ёшли ўғли М.Ж. бетоб эканлигини айтиб, шу куни ўз навбатчилигини ўтаётган шифокор Т.Ф. ва фельдшер Н.И.лардан тезда унинг яшаш манзилига боришни айтади. Бироқ бемор манзилига отланган тиббиёт ходимлари биринчи ёрдам қутисини олишга улгурмасдан телефон орқали бошқа бир манзилдан чақирув бўлади.

Навбатчи фельдшер Н.И. телефон орқали чақирувни расмийлаштириш вақтида фуқаро Х.М. бетоқатлик билан фельдшер Н.Ини ҳақоратлаб, унга қўл кўтаради. Сўнг калтакланган фельдшерни иш жойида қолдириб, шифокор Т.Ф.ни машинасига ўтиришга мажбурлайди. Яшаш манзилига боргач, ҳуморидан чиқмаган фуқаро арзимаган баҳоналар билан шифокорни ҳам ҳақорат қила бошлайди. Бунга ҳам қаноат қилмаган «муштумзўр» тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Т.Ф.ни хизмат вазифасини ўтаётган вақтда аёвсиз калтаклайди.

Шундан сўнг шифокор Т.Ф. зудлик билан Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмасининг травматология бўлимига олиб келинган.

Тиббий текширув давомида 1988 йилда туғилган шифокор Т.Ф.га бош мия жароҳати, жумладан, бош мия чайқалиши, пастки лаб ички юзасида уриб йиртилиши ҳамда кўкрак қафаси юмшоқ тўқмаларининг лат ейиши ташхиси қўйилган. Айни пайтда унга шифокорлар томонидан стационар шароитда зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

Шунингдек, 1978 йилда туғилган навбатчи фельдшер Н.И.га бурун суягининг ёпиқ синиши каби жароҳатлар билан туман тиббиёт бирлашмасида тиббий ёрдам кўрсатилди.

Тиббиёт ходимларига тажовуз қилган фуқаро Х.М. га нисбатан эса қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди ва ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, жорий йил 1 март куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали тез тиббий ёрдам шифокори Х.М.га хизмат вақтида фуқаро Д.О. томонидан қилинган тажовуз учун 2021 йил 16 мартдаги суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддасининг тегишли қисми билан 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган ва ҳозирда фуқаро Д.О. жазо муддатини ўтамоқда, деб ёзади ССВ.