Агарки, инсон хаста бўлса, доим соғлигини ўйлаганидек, ҳукмдор ҳам бемор бўлса, фуқароси тақдиридан ҳам кўра, ўз ҳаётини кўп қайғуриши тарихдан аён. Шу боисдан ҳам мозийда, энг аввало, олий ҳазратларининг соғлигига энг кўп эътибор берилган. Самарқандда ҳукм юритган Иброҳим Ибн Наср Бўғрахон эса фақатгина ўз соғлигинигина эмас, халқи саломатлигини, авлод наслий жиҳатдан баркамол бўлишини ўйлаб ўз даври учун янгилик бўлган шифохона очишга фармон берди.
Фармони олий тезда бажо келтирилиб, шифохона 1066 йилнинг ўзидаёқ қуриб битказилади. Самарқанддаги ушбу даргоҳ гарчи қисқа муддатда барпо этилган бўлса-да, ғоятда мустаҳкам ва шинам қилиб қурилганди. Самарқанд ҳукмдори Иброҳим ибн Наср тамғач Бўғрахон фармонига кўра, шифохона раҳбари этиб, ўша вақтдаги энг машҳур табиб Абу Тоҳир ибн Абдураҳмон ал Жазомий тайинланди...
Маълумки, Х асрнинг охирида Еттисув ва Олтойда ўзи шаклланган макондан ҳам кенгроқ миқёсда сиёсий фаолият кўрсатиш имкони ва қудратига эга бўлган туркийларнинг қорахонийлар сулоласи вужудга келди. Тарихдан маълумки, «Қора, аслида «қаро» – «буюк», «улуғ» тушунчасини англатган. «Хон» эса «ҳукмдор», яъни «Улуғ ҳукмдор» –Қорахонийлар маҳаллий туркий қабилалар билан қўшилиб кетиб, бу ерда катта ва кучли давлат барпо этдилар. Қорахоний Сотуқ Бўғрахон Абдулкарим (вафоти 955 йил) сулоланинг асосчиси эди.
Самарқанд Қорахонийлар давлатининг пойтахти, деб эълон қилинди. Шаҳарда тез орада бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Ал-Жазомий раҳбарлик қилаётган шифохона ҳам ана шундай бунёдкорлик ишларининг натижаси эди.
Самарқанд ҳукмдори Иброҳим ибн Наср Бўғрахоннинг фармонига кўра, шифохона тўғрисида низом ишлаб чиқилиб, унда фақат беморларгина эмас, улар қаторида ҳеч кими йўқ қариялар ва ногиронларга ҳам ўрин ажратилажаги баён қилинганди. Яъни бу даргоҳ ғарибхоналик вазифасини ҳам бажарган.
Шу билан бирга, шифохона қошида табобат ихлосмандлари учун тиббий билимларни ўргатувчи махсус мадраса ҳам қурилди. «Тиббий билим маскани» деб ном олган ушбу мадрасада бўлажак табиблар таҳсил олар, назарий билимларни китоблар ва мударрислардан ўрганиб, амалий тажрибаларни Ал-Жазомийнинг шифохонасида ўтарди.
Шифохона ҳам, мадраса ҳам Бўғрахоннинг ўзига қарашли ерлар ва мол-мулкидан келадиган даромад ҳисобидан таъминлаб туриларди.
Бўғрахон шифохона учун ажратган маблағни турли соҳалар учун қатъий белгилаб қўйган. Унга кўра, ажратилган умумий маблағнинг 10 фоизи шифохонада хизмат қиладиган табибларга маош, 15 фоизи беморларнинг озиқ-овқати, яна 15 фоизи биноларни таъмирлаш, 5 фоизи ўтин ҳамда кўмир, 2 фоизи бўйра, обдаста ва шам сотиб олиш, 3 фоизи ошпаз ва 5 фоизи фаррошлар учун бериларди.
Бундан ташқари, шифохонада махсус қон олувчи мутахассислар ҳам бўлиб, уларга умумий маблағдан 2 фоизи ажратилган. Шу билан бирга, ушбу даргоҳдаги ҳеч кими йўқ қариялар ва ногиронлардан иборат ғариблар вафот этиб қолган тақдирда уларни дафн этиш учун гўрковларга 3 фоиз пул ажратилган. Бўғрахон ҳар йили шифохонада даволанаётган беморлар киядиган уст-бош, кўрпа ва чойшаблар учун ҳам 1000 дирҳам ажратарди.
Булардан бошқа шифохона қошидаги тиббий мадраса учун ажратилган пул бир йилга 35 минг дирҳам қилиб белгиланган. Шундан бош мударрис йилига 2000 дирҳам маош оларди. Мадрасада дарс берадиган ҳакимларга ҳам уларнинг билим даражасига қараб, 1000 дан 1500 дирҳамгача маош тўланган. Мадраса қошида кутубхона ҳам бўлиб, кутубхона мудири 1200 дирҳам маош олган. Энг эътиборлиси, мадрасада табобат сирларини ўрганувчи талабаларга нафақа ҳам белгиланган бўлиб, 30 дирҳамни ташкил қиларди. Ўша вақтдаги молиявий ҳисоб-китобларга қараганда, 30 дирҳам талаба нафақасига битта катта қўчқор олиш мумкин бўлган.
Шунингдек, Иброҳим Ибн Наср Бўғрахон шифохона ихтиёрига бутун иморатлари, расталари билан иккита карвонсаройни вақф сифатида тақдим этган. Ана шу иккала карвонсаройдан келадиган даромаддан касалларнинг барча харажатлари: дори-дармон, озиқ-овқат, табибларнинг, барча хизматчиларнинг маоши таъминлаб борилган.
Ушбу ҳукмдор шу каби яна Самарқандда барпо қилинган мадраса мажмуасини таъминлаш мақсадида уч меҳмонхона, бир карвонсарой, бир эркаклар ҳаммоми, сув айиргич, узумзор, бир қанча экин ерлари ва бошқалардан келадиган даромадни вақ қилиб бериш орқали таълимга ҳам эътибор қаратган.
Хуллас, қорахонийлар сулоласи (Х асрдан 1212-1213 йилларгача бўлган ) даврида шу тариқа соғлиқни сақлаш ва таълимга алоҳида эътибор қаратилиб, Шарқдаги биринчи шифохонага Самарқандда асос солинган. Бундан ташқари, ушбу сулолага мансуб Тамғоч Қора Бўғрахон машҳур мутафаккир ва шоир Юсуф Хос Ҳожибни қўллаб қувватлаши (Хос Ҳожиб унвонини бериши), унга шароит яратиб бериши боис адабиётдаги мумтоз асар – «Қутадғу билик», Маҳмуд Қошғарийнинг бебаҳо «Девону луғатит турк» китоби юзага келган.
Айнан «Қутадғу билик» асарида қорахонийлар сулоласи томонидан давлатдаги амалдорлар ва элчиларга қўйилган талаблар келтириб ўтилган. Унга кўра, амалдор ва элчилар давлатнинг юзи бўлиб, етук билимли, шерюрак, уят-андишали, кўзи тўқ инсонлар бўлиши керак эди. Шунингдек, улардан яна астрономия, математика, геодезия илмларини мукаммал эгаллаган бўлишлик, шахмат ва нардни рақибларидан устун даражада билиш, ҳарбий санъатда моҳирона қобилият соҳиби бўлиш, ҳеч қачон май ичмаслик, сўз, ибораларни тўғри ва кўчма маъноларини пухта билиш ҳам шарт ҳисобланган.
Ушбу қоидага амал қиладиган даражадаги кишигина хорижга элчи қилиб жўнатилган, маҳаллий амалдор этиб тайинланган. Агарки, бу қоида бузилган тақдирда ёки унга риоя қилинмаётгани аниқланса, ўша киши лавозимдан олиб ташланган ва жазоланган.
Шу боисдан ҳам қорахонийлар сулоласи даврида карвонсаройлар, бозор расталари озода бўлиб, солиқлар эса камайтириб борилган. Гарчи тарих саҳнасидан ушбу сулола тушиб кетган бўлса-да, уларнинг Шарқда биринчилар қатори шифохона очгани, Бухородаги Минораи Калон, қатор масжидлар, Жарқўтон, Вобкентда миноралар, Ўзганда мақбаралар, минора, масжидлар, Самарқандда мадрасалар, карвонсаройлар барпо этдиргани мозийнинг ёрқин саҳифаларидан бўлиб қолди.
Насафий