Суд-тиббий экспертиза хулосаси: фуқаронинг ўлимига вакцина сабаб бўлмаган
Саломатлик акцияси энди Андижон вилоятида!

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиз ҳудудларида ўтказиб келинаётган “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида саломатлик акцияси ҳозирда Андижон вилоятида ташкил қилинмоқда.  

Эслатиб ўтамиз, ушбу акция аввал Наманган, Сурхондарё, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида ўтказилди. Мазкур йирик акция ҳудудларда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг ижро ҳолатини ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва “темир дафтар”га киритилган аҳолига юқори технологик замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкиллаштирилмоқда.

Акция доирасида малакали тиббиёт ходимлари, жумладан, вазирлик таркибий тузилмалари раҳбарлари, пойтахтдаги тиббиёт олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг етук мутахассислари Андижон вилоятига сафарбар қилинди. Шу билан бирга, маҳаллий тиббиёт ходимлари ҳам жараёнларда иштирок этмоқдалар.  

“Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида ўтаётган акцияни ташкиллаштириш учун Андижонда бўлиб турган мутахассислар орасида инфекционист, эпидемиолог, терапевт, невропатолог, анестезиолог, болалар анестезиологи, реаниматолог, педиатр, онколог, дерматолог, оториноларинголог, акушер-гинеколог, уролог, хирург, офтальмолог, кардиолог, эндокринолог, травматолог, фтизиатр, пульмонолог, нейрохирург, нарколог, нефролог, аллерголог, гематолог каби ўз соҳасининг усталари бор.

Текширувлар маҳаллабай кесимда ўтказилиб, ногиронлиги бўлган ва бошқа муҳтож шахслар протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланади.  

Акция давомида бир қанча жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши режалаштирилган. Хусусан, эндопротезлаш, буйрак трансплантацияси каби энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари тиббий кўрсатмага қараб, вилоят ёки пойтахтимиздаги энг нуфузли муассасаларида амалга оширилиши мўлжалланган.  

Жумладан, акция доирасида Андижон вилоят силга қарши кураш диспансерида Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази профессори П.Назиров бошчилигида марказ мутахассислари ва маҳаллий шифокорлар иштирокида диспансерда даволанаётган 55 ёшли бемор М.М.да орқа мия фаолияти ва умуртқа поғонаси фаолиятини тиклаш мақсадида мураккаб юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.  

Айтиш лозимки, операциядан аввал бемор кўкрак умуртқаларидаги доимий оғриқ, оғриқларнинг тана ҳаракатлари вақтида кучайиши ҳамда иккала томон қовурғалар, бел ва оёқларга тарқалиши, оёқларда фалажлик хисобига юра олмасликдан азият чекаётган эди.  

Вақтида амалга оширилган мазкур жарроҳлик операцияси натижасида бемор оёқларида сезгилар ва бармоқларда енгил ҳаракатлар пайдо бўлди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, беморнинг бир умр тўшакка михланиб, ногирон бўлиб қолишининг олди олинди.