Одатда кўпчилик қорин оғриқларига у қадар ҳам жиддий эътибор қаратавермайди. Бироқ бу ҳолат сурункали тус олаверса, саратон касаллигига олиб келувчи крон касаллиги ҳам бўлиши мумкин.
Крон касаллиги - бу ошқозон-ичак йўлининг сурункали, яллиғланиш касаллиги. Ушбу касалликда танангизнинг иммун тизими соғлом тўқималарга ҳужум қилади.
Мазкур касалликда асосан ошқозон-ичак тизими жароҳатланади. Касаллик сурункали бўлганлиги туфайли бемор ҳаёти давомида бир неча бор зўрайиши мумкин. Крон касаллигига асосан, 16 ёшдан 40 ёшгача бўлган кишилар кўпроқ чалинади.
Касалликнинг симптомларига қорин оғриғи, диарея, орқа чиқарув каналида ва бўғимларда кузатилувчи оғриқ киради. Энг кўп учрайдиган аломатлари эса ошқозон-ичак йўли белгилари пайдо бўлишидан тортиб, беморнинг озиб кетиши, анемия ва иситма аломатлари билан намоён бўлади.
Айрим беморларда бу белгилар умуман сезилмаслиги ҳам мумкин.
Даволаш гастроэнтеролог шифокор назорати остида амалга оширилади. Касалликнинг оғир даражаларида эса жарроҳлик амалиёти ўтказилиши шарт.