Шундай қилиб, улар мурод-у мақсадларига етиб, узоқ йиллар биргаликда умргузаронлик қилишибди... Эртакларнинг шу қисми бирам ёқимлида. Ҳаммага ҳам ана шундай бахтга эришиш насиб қилсин. Албатта бунинг учун сиз томонингиздан ҳам ҳаракат бўлиши керак.
Бунинг учун ҳар куни тонгингизни 1 стакан сув билан қарши олинг. У орқали организм намликни шимиб олади. Кун давомида ўзингизнинг «сув захира»нгизни тўлдириб боришни унутманг. Суюқлик ёрдамида танамиздаги ҳужайраларга витамин ва микроэлементлар етиб боради, сув нерв ва юрак-қон томир тизимларининг ҳамжиҳатликда ишлашини таъминлайди, у умуртқалар диск ва бўғимларни озиқлантиради. Бироқ, энг муҳими, сув – ёшлик манбаи. Олимларнинг фикрича, қариш жараёни ҳужайраларда суюқлик етишмовчилиги билан бевосита боғлиқ. Негаки ёш ўтган сари организмда сув миқдори камайиб боради, чанқаш ҳисси ўтмаслашади ва организм бамисли қуриб қолади.
Организм барвақт қуриб қолмаслиги учун эса таомингизга туз сепманг. Чунки туз организмга сув мувозанатини сақлаш, шунингдек, нерв импульслари ўтказувчанлиги ва мушакларнинг меъёрда ишлаши учун зарур. Лекин сизга бор-йўғи чорак чой қошиқ туз кифоя қилади. Бундан ортиғининг организмга турган-битгани зарар. Буйрак ортиқча тузни эплолмайди, улар тўпланиб, томирларда сувни ушлаб қолади, бу эса шиш пайдо бўлишига ва қон босимининг кўтарилишига олиб келади.
Шунингдек, кунига икки маҳал тиш тозалашни ҳам унутманг. Тиш тозалаш юрак билан боғлиқ муаммоларни бартараф этади ва шу тариқа умрни узайтиради. Милк хасталиклари юрак-қон томир касалликларига олиб келиши мумкинлиги азалдан маълум. Фақат бу икки патология ўртасидаги боғлиқлик ҳозирча аниқлангани йўқ. Олимлар ушбу ҳолатда асосий айбдор сифатида стрептококк бактерияларини кўрсатишмоқда. Улар кўпинча оғизда яшайди ва милк яллиғланишини келтириб чиқаради. Агар стрептококклар яллиғланган милк орқали қон айланиш тизимига тушса, улар ўзига хос оқсил ишлаб чиқаради? Улар тромбоцитларнинг ёпишишига ёрдам беради. Тромбоцитларнинг ёпишиши эса ўз навбатида қон қуйқалари пайдо бўлишига олиб келади, улар қон томирларини бекитиб, уларнинг яллиғланишини келтириб чиқаради ҳамда юрак ва мияга қон боришини чеклаб қўяди.
Америкалик олимлар 12 йил давомида 50 ёшдан ошган қарийб 3,5 минг кишининг ҳаёт даражасини ўрганишди. Тажриба иштирокчиларини шартли равишда уч гуруҳга ажратишди: ҳафтасига уч соатдан ортиқ китоб ўқийдиганлар, ҳафтасига уч соатгача китоб ўқийдиганлар, умуман китоб ўқимайдиганлар. Китоб ишқибозлари китоб ўқимайдиганларга қараганда ўртача 23 ой кўп умр кўишган. Ҳафтасига 3,5 соатгача китоб ўқийдиганлар орасида ўлим кўрсаткичи китобни ёқтирмайдиганларга қараганда 23% камроқ бўлиб чиқди. Ҳафтасига 3 соатгача китоб ўқийдиганлар учун бу кўрсаткич 17% ни ташкил қилди.
Боз устига, ижобий натижани фақат бадиий адабиёт берган, илмий ишлар ва газеталар инсон умрига умуман таъсир кўрсатмаган. Мутахассисларнинг фикрича, китоб ўқиш тасаввурни ривожлантиради, диққат-эътиборни кучайтиради. Бундан чиқди, мия учун ўзига хос «тренажёр» вазифасини ўтайди.
Буни қарангки, барвақт уйқуга ётиш ҳам узоқ умр кўришга ёрдам берар экан. Кўпсонли тадқиқотларга кўра, «бойқуш»лар «тўрғай»ларга қараганда камроқ яшайди. Ухлашга кеч ётадиганларда кўпинча қандли диабет ва юрак-қон томир касалликлари қайд этилади. Бундай одамларда уйқу сифатини ҳам яхши деб бўлмайди. Ҳамма гап шундаки, одам тунига қанча кўп ухласа, организмида мелатонин гормони шунча кўп ишлаб чиқарилади. Мазкур гормон нафақат куч-қувватни тиклашга ва тетик уйғонишга, балки қонда қанд миқдорини камайтиришга, иммун тизимининг яхшироқ ишлашига, стресслардан ҳимоя қилишга ва хавфли ўсмаларнинг олдини олишга ёрдам беради. «Бойқуш»ларда мелатонин етарлича ишлаб чиқарилмайди, шу боис тўрғайлар билан таққослаганда улар кўпроқ шамоллашади, тез семириб кетишади, кўп асабийлашади ва ҳаётдан эрта кўз юмишади.
Эъзоза