Психотроп дори воситалари савдоси билан шуғулланувчилар қўлга олинди

Давлат божхона қўмитасининг хабар беришича, Учтепа туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган фуқаро К.И. 160 дона «Соннат Зопиклон» номли психотроп дори воситаларини ноқонуний равишда сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Ушбу шахс бошқарувидаги «Нексия-3» автомашинаси ҳам белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, салонда 4 дона шу номдаги дори воситаси борлиги аниқланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давомида воқеа жойининг ўзида яна бир шахс Х.С.нинг қўлидаги қора пакетда 300 дона «Соннат Зопиклон» психотроп дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Шу тариқа жами 47 та конвалютада 464 дона «Соннат Зопиклон» психотроп дори воситалари ноқонуний муомаладан олинди.