Ўзбекистонлик шифокор ковид вакцинациясидан кейин ўзини қандай ҳис қилганини сўзлаб берди

1-кун.

Апрелнинг илк кунидан ковидга қарши эмлаш ишлари бошланди. Одамлар орасида врачлар нега ўзлари биринчи олмаяпти каби ҳар хил саволлар пайдо бўлди. Шу боис мен кутиб ўтирмай вакцина олишга қарор қилдим.

Поликлиникамизда икки хил вакцина бор. Мен олимларимизга ва давлатимизга тўлиқ ишонган ҳолда COVISHIELO (Хиндистон) вакцинасини танладим.

Бугун соат 12:30 да шу вакцинани олдим. (6 апрель)

Мақсадим Ковид билан касалланишнинг олдини олиш ва вакцина таьсирини ўзимда синаб кўриш эди. Чунки интернетда жуда кўп салбий фикрлар билдирилди. Мана энди мен ҳар куни аҳволимни кузатиб бораман ва сизлар билан ўртоқлашаман.

Вакцина олишдан олдин Тромбопол 150 таблеткасидан ича бошладим. Уни 14 кун давомида ичаман.

Қорним тўқ эди.

Вакцина олиш вақтида игна кирганини сездим, холос.

Ҳозир соат 19:00 — умумий аҳволим яхши. Тана ҳароратим, қон босимим меъёрда.

Вакцина олгач кечгача ишладим. Худога шукур, яхшиман!

2-кун. (7 апрель)

Хўш бир сутка ичида нималар кузатилди?

Ўтган куни кечга томон соат 23:00 ларда иситмам кўтарилди. Ваража ҳис қилдим. Ўлчаганимда тана ҳароратим 38,0°С чиқди.

1 дона Миг ( Ибупрофен 400 мг) қабул қилдим.

Эрталаб аҳволим яхши эди. Ишга бордим, беморларга ёрдам бердим. Тушдан кейин яна ваража ҳис қилдим.

Йўтал, томоқ оғриғи ва бошқа аломатлар безовта қилмаяпти.

Ҳозир соат 19:00, тана ҳароратим — 37,7°С.

Умумий аҳволим яхши.

3-кун. (8 апрель)

Бугун эрталабдан аҳволим яхши.

Шикоятларим йўқ.

Тери ва шиллиқ пардалар оқимтир. Ўпкада везикуляр нафас. Сатурация 98%. Юрак тонлари аниқ. Пульс 78 марта уряпти. Қон босимим 110/70 мм симоб устунида. Қорним оғримаяпти. Иситмам йўқ. Тана ҳароратим 36,6°С.

Ҳозир ишда навбатчиман.

Сунбула Орифхонова, Самарқанд шаҳар 7-сон оилавий поликлиникаси шифокори

“Facebook”дан олинди