Биламизки, овқатни ҳазм қилиш жараёнида меъда ости безлари, жигар, ўт пуфаги, ҳазм ширалари ишлаб чиқарувчи меъдадаги кўплаб безлар иштирок этади. Агар сиз овқатланиш қоидаларига ва таомномангизга алоҳида эътибор бермасангиз, овқат ҳазм қилиш аъзолари фаолияти бузилиб, ўз вазифасини бажаролмай қийналади. Натижада кишида бир қатор нохушликлар кузатилиши мумкин. Бундай бузилиш организмнинг бошқа аъзоларига ҳам, биринчи навбатда юрак-қон томир тизимига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун бир қатор самарали машқлар мажмуаси бўлиб, қуйида шу ҳақда батафсил маълумот берамиз. Мазкур машқлар мажмуаси ошқозон фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиб, ҳазмни енгиллаштиради. Айнан сиз сўраган машқлар десак ҳам бўлади!
Машқлар мажмуасини бажариш олдидан қовуғингизни бўшатинг, шошилмасдан уй ҳароратидаги бир пиёла сув ичиб олинг.
1. Қорин мушакларини бўшаштириш учун оёқларни бироз букинг. Киндик атрофини соат мили йўналишида 5 – 7 марта кафт асоси билан силанг.
2. Ўнг томонга сал ёнбошланг. Бел, думғаза, оёқ сонингизни чап қўл билан айланма ҳаракат қилиб ҳар томонга, сўнгра 7-8 мартадан юқоридан пастга ва пастдан юқорига силанг. Шу ҳолатда ётган чап оёғингизни бироз букинг, гавдани бўшаштиринг. Чап қўл билан қориннинг киндик атрофини соат мили йўналиши бўйича аста-секин уриб чиқинг. Ушбу машқни чап томонга ёнбошлаб такрорланг. Машқларни куч ишлатмасдан, бемалол, зўриқмай бажаринг.
3. Иккала оёғингизни ҳам букинг, орасини кенгроқ қўйинг, тўғри ичак мушакларини таранглаштирилган ва бўшаштирилган ҳолда чаноқни кўтаринг ва туширинг. Машқни 10 – 20 марта такрорланг.
4. Букилиб турган оёқларингизни қоринга тортинг ва аста-секин узатган ҳолда туширинг, машқни 10 – 20 марта такрорланг. Сўнгра бир текисда чуқур нафас олиб чиқаринг.