Буюк Британиянинг Бирмингем университети олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, COVID-19дан тикланган беморларнинг иммунитет тизими ўз тўқималари ва аъзоларига қарши реакция билдирган. Бу ҳақда EurekAlert илмий портали хабар берди.
«Дастлабки тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, SARS-CoV-2 инфекцияси узоқ муддатли аутоиммун асоратларга олиб келиши мумкин ва бир қатор иммун тизими билан боғлиқ касалликлар, шу жумладан Гийен-Барре синдромига сабаб бўлади», – дейилади хабарда.
Бирмингем университети профессори Aлекс Рихтернинг таъкидлашича, COVID-19 билан касалланган инсонларда аниқланган антитаналар тери, мушак ва юракнинг бир қатор аутоиммун касалликларини келтириб чиқарувчиларга ўхшашдир. Рихтернинг қўшимча қилишича, келажакда аутоиммун касалликлар ва COVID-19 ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқлик ўрганилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Гийен-Барре синдроми – бу инсон иммун тизими ўзининг периферик нервларига ҳужум қилиши билан боғлиқ кам учрайдиган ҳолат. Ушбу синдромда мушакларнинг ҳаракатини бошқарувчи ёки оғриқни, ҳароратни узатувчи нервлар зарар кўриши мумкин. Бу мушакларнинг заифлашишига, оёқларда ёки қўлларда сезгирликни йўқолишига олиб келади. Ушбу синдром ҳар қандай ёшдаги таъсир қилиши мумкин, аммо бу кўпинча катталар ва эркакларда учрайди.