Олға, бўлажак талаба! Сен қиласан ғалаба!

Яқин кунларда имтиҳон, барча абитуриентларнинг қалбида эса минг бир ҳаяжон. Аммо ҳаяжонга ҳожат йўқ. Имтиҳон куни талабаларнинг йиқилишига, биладиган саволларининг жавобига ҳам иккиланишларига айнан шу ҳаяжон сабаб бўлади. Имтиҳонга отланар экансиз, гўёки жамиятда ўрнингиз йўқ кимсадек, хўмрайиб юрманг. Шунчаки, атрофга табассум билан боқинг. Қандай гўзал бу олам, бир қара!

Кўчада танишми, нотанишми бир оғиз ширин калом, яъни саломингизни аяманг. Бу муомлангизга нисбатан инсонларнинг яхши муносабатидан олган энергиянгизнинг кучи имтиҳонда сизга яхшигина далда беради.

“Имтиҳондан йиқилсам нима бўлади? Билимим етармикан? Мендан зўрлари ҳам борку”…

Бу ҳаёллар билан талаба бўлишингизга ҳаттоки биз ҳам ишона олмаймиз. Салбий ҳаёлларингизни тозалаланг. Ўзингизга хаммаси яхши бўлишини уқтиринг. Кинолардаги ҳамма нарсанинг уддасидан чиқа оладиган қаҳрамонлар образига киринг. Ишонинг, барчаси аъло даражада бўлади!

Агар бошқа вилоятдан келган бўлсангиз, катта шаҳарни, қизлар ёки йигитларни кўриб ҳеч қачон беҳуда орзу-ҳавасларга берилманг. Бир олтин қоидани ёдингизда тутинг: “Инсон ниятига қараб мақсадига етади, амалига қараб эмас”. Шу боис ниятингизни тўғирланг, олдингизга қўйган олий мақсадингиздан чалғиманг!

“Бисмиллоҳсиз бошланган ҳар бир ишнинг охири кесикдир”.

Ота-боболаримиз амал қилиб келган ушбу миллий қадриятга сиз ҳам амал қилинг. Илло, тилингиз ўткир, билимингиз кескир, юзингиз эса ёруғ бўлсин! Олға, бўлажак талаба!

Эъзоза Илғорзода