Оёқдаги шиш – аёллар муаммоси

Оёқларнинг вальгус деформацияси (hallux valgus), ёки халқона ишлатиладиган, катта бармоқлардаги «суяк» (шиш) нозик хилқат вакилларида жуда кенг тарқалган.

Касалликда бош бармоқнинг тагида ҳосил бўлган «шиш» туфайли оддий пойафзал кийишнинг имкони чекланади ва симилловчи оғриқ билан характерланади. Касаллик аста-секин ривожланади. Дастлаб, бемор одатий катталикдаги пойафзал кийиш ноқулай бўлиб қолганидан шикоят қилади, кейин оёқ оғриғи кун охирига келиб пайдо бўлади, бош бармоқ букилиб қолади. 

Оёқларнинг вальгус деформацияси сабаби ясси оёқлик, генетика, эндокрин касалликлар, остеопороз бўлиши мумкин. Касаллик бириктирувчи ва суяк тўқималарининг заифлигига асосланган бўлиб, ясси оёқликнинг ривожланишига олиб келади. Деформациянинг ривожланишига нотўғри танланган пойафзал ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бу, айниқса, баланд пошнали ва тор пойафзалга тегишлидир. Бундай оёқ кийимлар юкламанинг нотўғри тақсимланишига олиб келади, натижада оёқ деформацияси юз беради ва бош бармоқ бўғимининг артрози ривожланади.

Шифокор–ортопед  вальгус деформациясини даволаш билан шуғулланади. Касалликнинг дастлабки белгиларида шифокор билан маслаҳатлашиш зарур, чунки касалликнинг эрта аниқланиши кейинчаликдаги жарроҳлик амалиётидан сақлаб қолади:

• ортопедик тагликларни танлаш;

• ясси оёқликнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи физиотерапия машқлари комплексини тайинлаш.

Касалликнинг ривожланган шаклларида жарроҳлик талаб этилади.