Новвотли чойнинг инсон соғлигига фойдаси борлиги ҳаммага маълум. Шу боисдан ҳам Хива хонлари нонушта, тушлик ҳамда кечки овқат пайтида, аср намозидан кейин мунтазам равишда новвотли чой ичганлар. Бу анъанага йиллар давомида ҳар бир ҳукмдор қатъий амал қилган. Зеро, новвотли чой инсон танасини маълум мувозанатда ушлаб туришга, қоннинг қуюқлашиб кетмаслигига, эркакларнинг жинсий фаоллиги ошишига ёрдам беради, юрак фаолиятини яхшилайди, фикрни теранлаштиради, вужудга дармон ва танага ишчанлик бағишлайди.
Ҳар кунги одатга кўра, дастурхончининг имоси билан ходимлар ўртага дастурхон ёзиб, ноз-неъматларни келтириб қўйишарди. Бомдод намозини ўқиб бўлиб, дастурхон бошида ўтирган ҳукмдор «бисмиллоҳ» дея қўл узатиши билан шайхулислом, нақиб, қозикалон, мудариссу уламолар ҳам нонуштани бошлаб юборардилар...
Улар ислом арконлари, давлат ва халқ ҳаёти, қилинажак ишлар ҳақида суҳбат қура бошлашарди. Шу пайт дастурхон ёнига шарбатдор келиб, таъзим билан хон, амалдор ва уламоларга Хитой кўк чойидан қуйиб берарди. Шарбатдор ҳукмдорнинг доимий одатини билса-да, тавозеъ ила оҳиста сўради:
– Хон ҳазратлари, новвот қўшиб чой бераман, ичсангиз...
Хон индамай пиёласини шарбатдор тарафга суриши билан у дастурхондаги новвотни ушатиб, ҳукмдорнинг пиёласига солардида, чой қуярди.
Хазинадан эса айнан новвот учун алоҳида кўплаб пул ажратилиб борган. Хусусан, 1867 йилда моҳи Рамазон пайтида икки пуд новвот олинган. 1873 йилнинг муҳаррам ойида бир қути (яшчик) новвот етти тангага олингани, сафарнинг жума куни эса саккиз тиллога тўққиз қути новвот харид қилингани тўғрисида хонлик архивида маълумотлар бор. Ўша пайтдаги ҳукмдор – Ферузхон ҳазратлари оиласи ёки амалдорлари билангина новвотли чой ичиб қолмасдан, кимларга эҳсон қилмоқчи бўлса, новвот олиб берарди.
Чунончи, 1873 йили моҳи сафарнинг чоршанба куни хон томонидан Тўра Муродга бир қути новвот, зулқаъда ойининг шу куни Амир тўрага ҳам бир қути новвот ва қанд, якшанба куни яна шунча маҳсулот, ўша йил зулҳижжа ойининг чоршанбасида Асқад Маҳмуд ва Муҳаммад тўраларга қанд ҳамда бир қути новвот олиб берилган. Ҳукмдор ўз яқинлари ва шаҳзодаларга ноз-неъмат улашиш билан бир қаторда ўзи ташриф буюриб, чой ичадиган жойларга ҳам новвот олишни буюрган.
Хусусан, 1872 йили Сайид Муҳаммад Раҳимхон 2 (Феруз) қурдирган мадрасанинг очилиш маросими ўтказилиб, унда мадрасага керакли жиҳозлар, ошхона учун зарур буюм, ноз-неъматларни харид қилиш тўғрисида фармон берилган. Фармонга кўра, олинган маҳсулотлар ичида 47 тиллога харид қилинган етмиш қути новвот ҳам бўлган. Табиийки, хазинадан фақат новвот учунгина эмас, чой, уни қайнатишга қумғон, чойнак ва ўтин ҳамда ҳукмдор овқатига маъсул бўлган дастурхончига ҳам маош ажратилган.
Ўша пайтларда савдогарлар Хивага Эрон, Афғонистон ва Россиядан чой олиб келишарди. Уни қоғозга ўраган ҳолда пойтахтдаги Бахча чорсу, Рафаник чорсудаги савдо расталарида сотардилар.
Архив маълумотларига кўра, 1867 йил моҳи ражабнинг йигирма тўққизинчиси, пайшанба куни Муҳаммад Назар ошпазнинг икки ҳафталик ўтини учун йигирма саккиз танга ажратилган. Шаъбон ойида чой қайнатиш мақсадида қумғон олиб келган Паҳлавон маҳрамга бу ҳаражати учун ўн тилло берилган. 1870 йилнинг ражаб ойида эса хон ҳазратларига Паҳлавон маҳрам тўрт юмалоқ чой ва бир ботмон тамакини ўн бир тиллога олиб келгани ҳақида архивда маълумотлар сақланган. Шунингдек, моҳи рамазони шарифда хоннинг ифторлик пайтида ичмаги учун бозордан ўн олти тангага бир кирвонка чой сотиб олинган. 1872 йил моҳи сафарнинг чоршанба куни ўн икки тангага бир қоғоз чой харид қилинган.
Новвотни ўз яқин биродарлари ва шаҳзодаларга эҳсон сифатида туҳфа қилган хон ҳазратлари яқинларини турлича миқдордаги чойлар билан сийлаб турган. Албатта, куни новвотли чойсиз ўтмайдиган ҳукмдор Аркда оиласи даврасида ўтирганида ёки бирор жойга борганида ҳам ош меҳтар ва дастурхончи каби хоннинг овқати учун маъсул шахслар ҳамиша ҳозиру нозир эдилар. Улар ана шу хизматларига яраша хазинадан маош олишарди.
Ферузхон даврида Қувоқ сари, Муҳаммад Назар каби хоннинг озиқ-овқати учун маъсул меҳтарлар бўлиб, улар ўн-ўн беш тиллодан маош олишган. Норбўта дастурхончи, Жабборқули ошпаз, Эрниёз ва Тангриберди товоқчи каби ошхона ходимлари эса хизматига яраша етти-ўн икки тилло атрофида маош олганлар.
Бундан ташқари, овқат пишириш, чой қайнатиш, дастурхон ва сочиқларни янгилаб туриш учун керакли барча эҳтиёжларга ҳам хазинадан пул ажратиларди. Зарур маҳсулотларни бозордан меҳтар, товоқчи, дастурхончи ва шарбатдор харид қиларди. Ўз меъёрида сарф қилинган ҳаражат ва масаллиқлардан тотли қилиб пишириладиган овқатни тановул қилиб бўлгач эса, хон ҳазратларининг ёнига, албатта, шарбатдор келиб, таъзим қилганича сўрарди:
– Новвот қўшиб чой бераман, ичсангиз...
Хон индамай косасини суриб, жилмайиб қўярди. Кейин эса нон босиб новвотни эзғилаганича хушнудлик билан чой ичарди.
Эъзоза тайёрлади