Суд-тиббий экспертиза хулосаси: фуқаронинг ўлимига вакцина сабаб бўлмаган
krytykakulinarna.com
Музлаткичдан тўғри фойдаланаётганингизга ишончингиз комилми?

Бугунги кунда музлаткич билан жиҳозланмаган ошхонани учратиш қийин. Бу буюм, айниқса, ёз фаслида турли озиқ-овқат маҳсулотлари, мева ва сабзавотларни сақлаш учун жуда фойдали. Энди зарарли хусусиятлари ҳақида гапирадиган бўлсак, у электр токи билан ишлагани учун ўзидан саломатликка зарарли электромагнит тўлқинларни чиқаради. Бундан ташқари, ундаги маҳсулотларни шундайлигича олиб истеъмол қилиш томоқ ва унга ёндош бўлган бурун, қулоқ шамоллашлари, шунингдек, қизилўнгач ва ошқозон хасталикларини келтириб чиқариши мумкин. Масалан, ҳар қандай фасл бўлишига қарамай, музлаткичдан қовун-тарвуз ёки бирор бир мевани олиб истеъмол қилсангиз, бир зумда томоқ йўлларида ачишиш аломатларини сезасиз. Бу томоқ йўлларига салбий таъсир бўлганидан далолатдир. Агар бундай ҳолатлар кузатилмасин десангиз, емоқчи бўлган маҳсулотингизни музлаткичдан сал олдинроқ олиб қўйиб, сўнгра қабул қилинг. Айрим мутахассислар замонавий музлаткичларнинг саломатлик учун хавфсизлигини айтадилар. Лекин ҳар қандай нарсадан тўғри фойдаланилмаса, ҳақиқатан ҳам, соғлиққа салбий таъсир қилиши турган гап. 

Яна шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, музлаткич учун жой тўғри танланса, ундан чиқадиган кўзга кўринмас электромагнит тўлқинлар киши саломатлигига салбий таъсир қилмайди. Шу боис уни фақат ошхонанинг бир бурчагига қўйиш ва олдига, албатта, турли ташқи таъсирларга чидамли манзарали ёки оддий тувакли гул (масалан, фикус) қўйиш керак. 

Кўпчилик музлаткичлардан фойдаланаётганда унинг бўлимларга бўлинган хоначаларига эътибор ҳам бермай маҳсулотларни тўғри келган жойда сақлашади. Аммо, биласизми, мутахассислар музлаткични бежизга бўлимларга бўлиб чиқишмаган. Масалан, тез бузиладиган озиқ-овқатлар: хом гўшт, балиқ, гўшт ва ярим тайёр маҳсулотлар, масалан, котлет, чучвара, манти, сомса хамири кабилар махсус музхонада сақланиши керак. Музхонанинг пастки қисмига эса юмшоқ ва тайёр салатлар, янги очилган консерва банкалар, десертлар, кремли пирожнийлар, уй шароитида тайёрланган овқатларнинг ортиб қолганлари жойлаштирилади. Унинг пастида сут ва сут маҳсулотлари: пишлоқ, қаймоқ, қатиқ, творог туриши керак. Навбатдаги ўринни нон ва печеньелар эгаллашади. Музлаткичнинг энг қуйи қисми илиқроқ бўлгани боис бу ерда мева ва сабзавотлар сақланиши лозим. Шунга алоҳида эътибор бериш зарурки, музлаткичдан жой оладиган мева-сабзавотлар, албатта, ювилган бўлиши керак. 

Маҳсулотларни сақлашда музлаткич эшиги ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Унга тухум ва ушбу жиҳозда сақланиши керак бўлган дорилар солинади.

Агар сиз бу йўриқномага эътибор бермай маҳсулотларни аралаш ҳолда сақласангиз, ўз саломатлигингизни хавф остига қўйиб қўйишингиз мумкин. Қандай қилиб дейсизми, қуйида бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтамиз.

Барчамизга маълумки, таомларни маълум вақт давомида истеъмол қилиш лозим. Ҳар қандай қовурилган, қайнатилган, димланган овқатлар аслида 24 соат ичида ейилиши керак. Агар кечга таомингиздан озроқ қолган бўлса, уни идишга солиб, устини махсус клёнка билан бекитиб, музлаткичга қўйинг.

Музлаткичда таом ва егуликларни нотўғри сақлаш натижасида турли юқумли ичак хасталиклари, масалан, сальмонеллёз, дизбактериоз, деария каби хасталикларга чалиниб қолиш ҳеч гап эмас.

Соғлом бўлай десангиз, тўғри овқатланишга, музлаткичнинг техник созлигига, озода ва кўркам бўлишига ниҳоятда эътиборли бўлинг ва уни сифатли озиқ-овқатлар билан тўлдиринг. Хом гўшт, балиқ, парранда гўшти ва денгиз маҳсулотларини алоҳида-алоҳида пакетларга солиб, бошқа озиқ-овқатлардан ажратиб қўйинг. Чунки улар таркибида хавфли микроорганизмлар бўлиши ва овқат тайёрлаш ёки сақлаш давомида бошқа маҳсулотларни ҳам зарарлаш хавфи мавжуд.

Музлаткичга озиқ-овқатларни ҳаддан ташқари зич ҳолда, тиқилтириб жойлаштирманг. Меъёрга амал қилинг. Бу жиҳозни маҳсулотлар билан ўта тўлдириб юбориш унда совуқ ҳаво айланишига тўсқинлик қилади ва ундаги маҳсулотларнинг сақланиши тўлақонли амалга ошмайди.

Музлаткичга иссиқ ёки илиқ таомларни совитилган ҳолда қўйинг, чунки иссиқ таом совиткич ичидаги ҳароратнинг кўтарилишига, маҳсулотларнинг сақланиш даражаси бузилишига олиб келади, хона ҳароратига эга тайёр таомларнигина музлаткичга қўйинг. Яна шуни ҳам унутмангки, музлаткичга маҳсулотларни олиб-қўяётганда қўлингиз доимо тоза бўлсин.

Эъзоза Илғорзода