szme.соm
Мусиқа қандай қилиб қонни тўхтата олади?!
– Тиббиётда даволашнинг уч тури бордур, сизга улардан қай бири кўпроқ хуш келади? – дея сўрашди Бағдодга ташриф буюрган ал-Хоразмийдан шаҳарнинг олиму фузалолари.
– Тўртинчиси, – деди даврадагиларга қараб хоразмлик аллома.
– И-е, ўзи даволашнинг учта тури бор-ку? – ҳайрон бўлишди Бағдод фузалолари.
Ал-Хоразмий бир зум индамади. Кейин байт ўқиди:
Бири сўз, дору бири, кескир пичоқдур, биттаси,
Дағи Хоразм мулкида машҳур эрур, сознинг саси.
– Менга даволашнинг Хоразмда кенг тарқалган тўртинчи, яъниким соз билан даволаш усули кўпроқ ёқади, – деди хоразмлик аллома.
Ҳа, тарихда нафақат ал-Хоразмий, балки Фаробий, Ибн Сино, Навоий, Махтумқули сингари мутафаккирларимиз ҳам мусиқа билан даволаш сирлари борасида ўз асарларида сўз юритишган. ЮНЕСКО қошидаги халқаро ахборот академияси академиги Худоёр Оллаёров ҳам ўтмишдаги алломалар меросини ўрганиб, ҳаётий тажрибада кўплаб беморларни ушбу усулдан фойдаланган ҳолда даволаган. Олимнинг 10 дан зиёд мақолалари хорижда чоп этилган бўлиб, улар айнан мусиқа билан даволаш ҳақидадир.
– Табиийки, кўпчилик мусиқанинг тиббиёт билан қандай алоқаси бор экан, деб ўйлайди.
– Мусиқанинг тиббиётда тутган аҳамияти катта. Энг қадимий мусиқа билан даволаш ҳақидаги маълумотлар «Авесто»да бор. Унда Ясна бўлимидаги готлардан ашула дуолари билан девларни ҳайдаганлари ҳақида билиш мумкин. Яъни ҳозирги тил билан айтганда, психотерапия. Бунга ўхшаш тиббий ашулалар бошқа динларда ҳам бор. Қадимда табиблар инсон танасидаги тўрт унсурнинг мувозанати бузилганда ўсимлик ва ҳайвонот оламидаги минерал дорилар билан беморни даволаб тобга келтирганлар. Шу тариқа тоб сўзидан табиб сўзи келиб чиққан. Қадимги Хорзам тилидаги бу сўз беморни тоблантирадиган деган маънони беради.
– Унда мусиқанинг хоразмча номи нима?
– Созанда, яъни инсон танасидаги бузилган мувозанат мусиқа ёрдамида созланган. Шундан созанда сўзи келиб чиққан. Мусиқа ҳам худди дорилардек қиздириш, совитиш, ҳўллаш, қуритиш хусусиятларига эга. Шу боис Фаробий: «Мусиқа инсон танасига мия орқали таъсир қилади», деб ёзганди. Венгер олими П.Эшвант эса «Ўсимлик ва ҳайвонот оламини билишда мусиқа муҳим ўрин тутади» деб ҳисоблайди. Мусиқа – бутун тана ҳамда руҳни даволайди. Яъни мусиқатерапия қадимда ривожланган соҳа бўлган.
– Сиз айтган Хоразм мусиқатерапевтлари қандай касалларни даволашган?
– Ярим асрлик тадқиқотларим натижасида шундай илмий хулосага келдимки, мусиқа билан даволовчи мусиқатерапевтларнинг Хоразмда ансамбли бўлган. Уларнинг таркибига созанда ашулачилар кирган, ансамбль раҳбари Меҳтар дейилган. Бундан ташқари, ижрочи сифатида шогирдларининг (суяк, бўғим, мушак касалликларини даволашда) репетиторлик роли катта аҳамиятга эга бўлган. Хоразм мусиқатерапевтлари асаб ва ички касалликларни муваффақиятли даволашган.
– Айнан қандай қилиб даволашган?
– Мусиқатерапевтлар ўзига хос ташхисчи бўлишган. Аввало, касалнинг тобини аниқлашган, кейин эса мусиқа асбобини танлашган. Бунинг учун созанда соз чалган, ансамбль раҳбари бўлса, беморнинг ранги ва юрак уришига қараб турган. Қайси мусиқа асбоби ва куй тўғри келса, шуни ишлатишган. Шу тариқа керакли куй беморнинг реакцияси (таъсири)га қараб танлаб олинган.
– Қайси касалликларга қандай мусиқаларни қўллаб даволашганига ойдинлик киритсангиз.
– Масалан, жигар касалликлари кўпинча асабга таъсир қилади. Шунинг учун енгил, қувноқ ҳис берадиган куйларни танлашган. Ошқозон касалликларида эса ҳис-туйғуни уйғотувчи ритмик куйлар қўлланган. Руҳий хасталикларда Машраб мусиқасини, қизамиқда – Қирмизи кўйлак, қонни тўхтатишда эса Али Қамбар куйини чалишган. Суяк ва мушак хасталикларини эса рақс билан даволашган. Булар беморнинг умумий даволанишини муваффақиятли ўтказишга ёрдам берган. Шу боис Ибн Сино ҳам баъзан контакт касалликларда мусиқа ёрдамида бемор руҳини ўзгартириб, ўзига қаратган. Бу эса ташхис қўйишни енгиллаштирган.
– Қадимда мусиқатерапевтлар куйни неча даражага бўлишган?
– Йилнинг ҳар бир фаслига, қолаверса, об-ҳавога қараб ҳар бир ойга хос куйлар бўлган. Шунинг учун Хоразмда 12 мақом мавжуд.
– Мусиқада ҳам дорилардаги каби унсурлар борми? Агар бўлса, улар қандай аталади?
– Ҳа, албатта. Аввало, зир-ўт унсурига ўхшаб бериладиган овоз танага иссиқлиқ келтиради. Масна эса сув унсури каби вужудга намлик ва совуқлик чақиради. Бам эса ер унсури сингари оғирлик ва қайғу-ғамни келтиради.
Ҳақиқатан, мусиқа овозлари танага турлича таъсир кўрсатади. Масна – қон алмашинувини кўпайтиради, шунингдек, унинг кучини ошириб, қора ўт таъсирига қаршилик кўрсатади. Маслас балғам кучи ва таъсирини кучайтиради. Сариқ ўт таъсирини эса камайтиради ва кучини бўшаштиради. Бам – қора ўтни кўпайтиради ва кучиниям оширади. Қон таъсирини эса камайтиради.
– Айтилган куйлар, табиийки, мусиқа асбоблари ёрдамида чалинган экан, улар тўғрисидаям маълумот берсангиз?
– Шарқда мусиқа асбобларини ишлаб чиқишда унинг инсон танаси ва руҳиятига таъсирига қараб ном беришган. Рубоб – руҳ ва боб сўзларидан келиб чиққан бўлиб, ўз майин ва енгиллиги билан руҳга таъсир қилган. Танбур бўлса руҳга эмас, кўпроқ танага таъсир ўтказади. Танбур икки, тан – тана, бур – танани ишга солиш сўзларидан келиб чиққан.
Шу тариқа ҳар бир куйга инсон танаси ва руҳиятига ҳамда бажарадиган вазифасига қараб ном берилган. Мисол учун, «оромижон», яъни жонга ором берувчи.
– Мусиқанинг доривор ўсимликлар билан боғлиқлиги ҳам борми?
– Юрак, шунингдек, алоҳида қалқонсимон без касалликларида инсон организмига яхши руҳ бағишлаш, кайфиятни кўтариш учун енгил куйлар, тинчлантирувчи мусиқаларнинг ишлатилиши, берилган доривор ўсимликлар таъсирини кучайтиради. Шунинг учун биз бўқоқ (зоб) дардини жарроҳлик йўлисиз, доривор ўсимликлар ҳамда ўзимиз ишлаб чиққан мусиқа усули билан ҳам даволаб яхши натижаларга эришганмиз.
– Мусиқатерапевтлар ансамблининг алоҳида кийимлари бўлганми?
– Ҳа. Агар касаллиги қўзғалувчи беморлар бўлса, қизил ўрнига оқ ва кўк рангли либослар кийишган. Эзилган ва маҳзун касаллар бўлса, қизил кийим кийилган.
– Инсонни даволашда мусиқа сингари рақснинг ҳам аҳамияти борми?
– Мусиқа шундай бир кучга эгаки, истасак-истамасак-да мия орқали ички аъзолар ва мушакларимиз ишлашига катта таъсир кўрсатади. Хоразм мусиқатерапевтлари асаб ва фалажлик касалликларида уни қўллаш орқали яхши натижаларга эришган. Бўғинларда ҳаракат бўлмаганида мусиқа ёрдамида уларни ҳаракатга келтирувчи рақслардан фойдаланишган. Бундай беморларни даволашда дастлаб тинчлантирувчи, кейин оз-оздан руҳиятни уйғотувчи мусиқа чалинган. Касални даволашда рақс ҳам алоҳида ўрин тутган. Бу борада кутилган натижага эришиш учун алоҳида тайёрловчи шахс (репетитор)лар бўлган. Улар ўйнаб кўрсатишган, касаллар эса уларга қараб рақсга тушишган. Мен ҳам ўз амалиётимда мусиқа ва рақсдан фойдаланиб инсонларни даволашда яхши натижаларга эришганман. Айниқса, умуртқа чурраси даволашда доривор ўсимликлар билан бирга ўзим ишлаб чиққан усул – мусиқа ва рақс ҳам тажрибада яхши фойда берган.
– Мусиқанинг инсонга салбий таъсири ҳам борми?
– Мусиқа ҳар доим ҳам яхши натижа беравермаслиги мумкин. Бу қайси мусиқанинг инсонга қандай таъсир кўрсатишига боғлиқ. Айниқса, асаб тизимини қитиқлайдиган, поп мусиқанинг классик шакли. Ундан қадимги Юнонистонда жанг олдидан душманга қаттиқ зарба бериш учун фойдаланишган. Ҳатто, «плейр» мусиқа ускунасининг қулоқ, бурун, томоқ оғриғига олиб бориши бутун Европада тарқалди. Шу боис қадимги мусиқатерапевтлар иш услублари ўрганилса, фойдадан холи бўлмасди.
Ҳа, мусиқа ёрдамида беморларни даволаш кўпчилик учун кутилмаган, шунингдек, ўйланмаган мавзу. Аммо юқоридагилар шунчаки эртак ёки ривоят эмас. Ҳозирда Урганчда яшаётган 84 ёшли Худоёр Оллаёровнинг Москва Давлат Университетида ёқлаган докторлик диссертацияси «Ўрта Осиё халқ табобати тарихи» деб номланган бўлиб, бу илмий ишнинг салмоқли бир қисми айнан мусиқатерапияга бағишланган. Қолаверса, Худоёр Оллаёров мусиқа ва рақс билан даволашни ўз тажрибасида қўллаб, яхши натижаларга эришган шифокор.
Умид БЕКМУҲАММАД