Кўзингизга қараб юрсангиз бўлмайдими?

Инсон қоқилиб, лат ейиши ва жароҳат олиши оқибатида тери остига қон қуйилади ва натижада зарба олган аъзо кўкаради.

Бир қарашда оддийгина кўринган моматалоқ камида бир неча ҳафтадан сўнг кетади, яъни аввал сарғайиб, кейин бутунлай йўқолади.

Аммо зарба кучли бўлганида тери шишиб, гематома ҳосил қилади. Демак, қуйида берилажак маслаҳатларимиз шу ҳақида.

  • Жароҳат енгил бўлса, оғриқни қолдириш ва кўкаришнинг олдини олиш учун водород периоксидига намланган пахта бўлагини шикастланган жойга боғланг.
  • Лат ейишдан кейин гематома каттариб бораётган бўлса, жароҳат жойига кафтингизни 10-15 дақиқа қаттиқ босиб туринг.
  • Тери остига қон қуйилишининг олдини олиш учун жароҳат жойига муз ёки совуқ компресс қўйинг. Бироқ уни совуқ олиб қўймаслиги учун музни 15 дақиқадан ортиқ ушлаб турманг.
  • Агар жароҳат бир неча ҳафтадан кейин ҳам йўқолмаса ва қўл текканида қаттиқ оғриқ берса, албатта, шифокорга мурожаат этинг.
  • Лат еган оёқ-қўлларда қон қуйилишини камайтириш учун уларни тепага кўтариб туриш керак.

Уй шароитида моматалоқни даволаш учун бир сиқим петрушка кўкатини чорак стакан сув билан миксерда кўпиртиринг. Сўнгра қолипчаларга қуйиб, совитгичда музлатинг. 

Тайёр бўлган шифобахш муз бўлакчаларини рўмолча ёки докага ўраб жароҳатланган аъзога қўйинг.

Эъзоза Илғорзода