Коронавирус ҳомила тушишига сабаб бўладими?

Биламизки, ҳар қандай эпидемия даврида ҳомиладорлар, болалар ва кекса ёшдагилар хавф гуруҳига киришади. Гарчи аксарият вазиятларда янги коронавирус кексаларда оғир кечаётган бўлса-да, аёллар ҳам хавф-хатардан холи эмас.

2014 йил Американинг инфекцион касалликлар журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, MERS ташхиси қўйилган биргина аёлдан ўлик бола туғилган. Касаллик вақтида у тиббий ёрдамдан бош тортган, негаки кўкрак қафасини рентген қилишдан ҳамда ҳомиладорлик пайтида дори қабул қилишдан хавфсираган. Хасталикдан олдин у мунтазам шифокорга бориб турган ва ҳомиладорлигида ҳеч қандай асорат қайд этилмаган. Бунгача у олти марта соғлом болаларни дунёга келтирган.

Шунингдек, 2004 йилги маълумотларга кўра, SARS она ўлими, бола тушиши, жиддий касалликларни келтириб чиқарган.

Ҳомиладорлик даврида аёлнинг иммун ҳимояси заифлашади, буэса уни ҳар қандай инфекция олдида ожиз қилиб қўяди. Бундан ташқари, она ва ҳомила танасининг кислородга бўлган эҳтиёжи ортади. Бу, айниқса, иккинчи ва учинчи ойликларга тааллуқли. Бунда респиратор касалликларнинг кечиши ва асоратлар қолиши хавфи ортади.

Шу туфайли ҳомиладор аёллар ҳам бошқалар каби оддий профилактика чораларига амал қилишса нур устига нур бўлади!

Яъни, шамоллаш аломатлари, хусусан, йўтали бор одамлардан узоқроқ юриш, аҳоли гавжум жойларга имконқадар бормаслик (театр, кино, жамоат транспорти, бозор ва ҳоказо), қўлни тез-тез совунлаб ювиб туриш (камида 20 сония ювиш керак), қўлларга дезинфекцияловчи воситалар билан ишлов бериш, оғиз, бурун, кўзни ушламасликка ҳаракат қилиш ва албатта инфекциянинг ҳар қандай аломатлари пайдо бўлганда, тезроқ шифокорга мурожаат этиш зарур.

Эъзоза