Фиброаденома - бу кўкракнинг бириктирувчи тўқимасидан келиб чиқадиган хавфсиз ўсма.
Вужудга келиш сабаблари ҳақида бир тўхтамга келинмаган. Кўпгина муаллифларнинг фикрига кўра, фиброаденома ривожланишининг сабаби аёлнинг туғма мойиллигидир.
Кўкрак фиброаденомаси сут безларини текшириш, пальпация, маммография ва ультратовуш текшируви асосида аниқланади. Касаллик ўзини сут безида юмалоқ, ҳаракатчан ва оғриқсиз шаклда намоён қилади. Баъзи ҳолларда эса ҳеч қандай аломатларсиз интенсив ўсиб боради. Лекин ваҳимага ўрин йўқ. Сабаби фиброаденома камдан-кам ҳолларда саратонга олиб келади.
Кўкрак фиброаденомалари пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича аниқ чоралар мавжуд эмас. Аммо мунтазам равишда ўз-ўзини текшириш, йилига камида 1 маротаба шифокор-онколог-маммологнинг текшируви ўсимтани ўз вақтида аниқлашга имкон беради.
Афсуски, фиброаденомани консерватив усуллар билан даволаш мумкин эмас. Кичик фиброаденомалар (1 см дан кам) фақат кузатув ва ультратовуш текширувидан ўтказилади (ҳар 3 ойда). Агар ўсиш тенденцияси аниқланса, жарроҳлик амалиёти амалга оширилади.
Жарроҳлик даволаш усулини ўтказиш учун зарурат бор ёки йўқлиги малакали мутахассис томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра аниқланади.
Жарроҳлик операциялари кўпинча локал беҳушлик остида косметик тикув билан тикилган кичик кесма орқали амалга оширилади. Жарроҳликдан кейинги косметик нуқсон минималдир.
М.Мирзалиева