Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяга ташрифи давомида Корея Республикаси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Квон Док Чоль билан учрашди.
Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонасидан маълум қилишларича, томонлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашиб, бу борадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларини белгилаб олди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси онкологик касалликларни даволашга ихтисослашган шифохоналарни қуриш бўйича Жанубий Корея тажрибаси ва технологияларини ўрганиш мақсадида ушбу мамлакатга келди. Тошкент шаҳрида касаллик даражаси юқори бўлган саратон хасталикларини даволаш ва фаолият кўрсатишга ихтисослаштирилган шифохонани қуриш режалаштирилмоқда.
Музокаралар чоғида ихтисослашган саратон шифохоналарини бошқариш ва қуриш юзасидан фикр алмашилди.
Корея Республикаси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири 2021 йилда икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланганига 10 йил тўлишини маълум қилди.
Жанубий Корея вакиллари махсус стратегик шериклик доирасида амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш, тиббий хизмат, фармацевтика ва электрон соғлиқни сақлаш каби турли йўналишларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларни юқори баҳолади.
Ўзбекистон томонининг онкологик касалликлар шифохоналарини қуришда Жанубий Корея экспертлари ва етакчи компанияларининг иштирокининг муҳимлиги ҳақидаги таклифига жавоб берар экан, Квон Док Чоль Корея Республикаси ҳукуматининг онкологик шифохоналарни яратиш бўйича «ноу-хау»ларидан фойдаланиш орқали Ўзбекистон халқининг саломатлигини яхшилашга ҳисса қўшиш имконига эга бўлишдан хурсанд эканини айтди.
Корея Республикаси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Квон Док Чоль, шунингдек, соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг йиғилишлари кун тартибини аниқлаб олиш орқали икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди. Унинг фикрича,
COVID-19 пандемияси даврида мамлакатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада кенгайтириш зарур.
Ўзбекистон делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи давом этмоқда.