Кўпчилигимиз тоғ бағридаги саёҳатларга бой бўлган ёз фаслини жуда яхши кўрамиз. Қаҳратон қишларда уни интиқиб кутамиз-у, аммо симоб устуни 25-27 даражадан ўтиб кетиши биланоқ, биз яна қулайроқ ҳароратни соғина бошлаймиз. Одам боласи иссиққа ҳам, совуққа ҳам кўнмайди деганлари шу бўлса керак аслида.
Қанчалик севимли бўлмасин, ёзнинг жазирама иссиқ кунларида юрак уриши тезлашади, нафас қисилиши, ҳаво етишмаслиги, бош айланиши, кўкрак қафасининг сиқилиши каби ҳолатлар кўп кузатилади. Буларнинг барчаси ёзнинг иссиқ кунларида юракда стресс кучайишининг натижасидир. Ушбу даврда юрак-қон томир тизими касалликлари бор бўлган одамларга қийин.
Биз генетик жиҳатдан ёзнинг + 25-27 ° К гача бўлган енгил ҳароратига мослашганмиз, шунинг учун бугунги кунда термометрларимизнинг симоб устунлари кўтарилиши мумкин бўлган энг юқори кўрсаткичлар юрак-қон томир тизими ва организм учун мос эмас. Юраги заиф одамларда ҳаддан зиёд иссиқлик пайтида юрак уриши тезлашади, қон босими кўтарилади, периферик томирлар кенгаяди, оёқлар шишади ва мияга қон қуйилишининг эҳтимоли ортади.
Хўш, иссиқ мавсумда юракни қандай заифлаштирмаслик мумкин?
Аввало, парҳезга эътибор бериш тавсия этилади. Таомномадан ёғли ва оғир овқатларни чиқариб ташлаш, туз ва шўр овқатлар истеъмолини минималлаштириш мақсадга мувофиқдир.
Ҳар доим ёдда тутингки, иссиқда суюқлик йўқолади, уни тўлдириш керак. Сув-туз мувозанатини сақлаш учун кунига камида 1,5 - 2 литр суюқлик ичишни унутманг.
Нима ичиш яхшироқ? Фақат газланган ичимликлар кофе ва спиртли ичимликлар ичманг. Ушбу ичимликлар чанқовни қондирмайди ва юракда стрессни келтириб чиқаради. Фақат оддий минерал сувлар ва табиий гиёҳлардан тайёрланган чойларни ичишни канда қилманг.
Иш жадвалингизни тартибга келтиринг, 30-40 дақиқа ишланг ва 15-20 дақиқа дам олинг. Агар нафас қисилиши, заифлик, бош айланиши ёки кўкрак қафасида оғриқлар пайдо бўлса, қандай бўлишидан қатъий назар, дарҳол жисмоний фаолиятни тўхтатинг.
Агар сизда юрак билан боғлиқ муаммолар бўлса, шахсий тиббий қутингизда ҳамда чўнтагингизда ҳамиша юрак ва қон босимига қарши дори-дармонлар бўлиши шарт.
Энг муҳими, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилган пайт кўчага чиқмасликка ҳаракат қилинг!