Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, ўз жонига қасд қилишнинг деярли 80%и маст ҳолатда бўлган одамларда содир бўлади. Барча зўрлаш, қотиллик ва талончиликнинг 75%и дан ортиғи, маст ҳолда ноқонуний хатти-ҳаракат қилган жиноятчиларга тўғри келади.
Мия фаолияти издан чиқади
Спиртли ичимликлар миямиз учун жуда хавфлидир. Этанол миянинг барча тизимларига кириб боради, тромбозни қўзғата бошлайди, шундан кейин томирлар ёрилиб, миядаги нейронлар нобуд бўлади. Бир стакан шароб 12-15 кун давомида мия фаолияти ишлашини сустлаштиради.
Ошқозон-ичак йўлига таъсири
Спиртли ичимликлар ингичка ичакка салбий таъсир қилади. У ҳужайралар тузилишини ўзгартиради ва барча фойдали моддаларнинг организмга нормал сўрилишини чеклайди. Ошқозон шиллиқ қаватини шикастлайди, эпителий ҳужайралари нобуд бўлади, меъда ширасининг ажралиши бузилади. Оқибатда гастрит, панкреатит, ошқозон яраси, қандли диабет каби касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Aлкоголнинг жигарга таъсири
Жигар танамиз учун фильтр вазифасини ўтайди. Спиртли ичимликларни узоқ вақт давомида истеъмол қилиш билан «Aлкоголли гепатит» деб номланган яллиғланиш жараёни пайдо бўлади ва ундан кейин таниқли «жигар циррози» касаллиги авж олади.
Aлкоголь ва юрак-қон томир тизими
Алкоголни суиистеъмол қилиш юрак хуружи, инсультга олиб келади ва умуман юрак-қон томир тизимини бузади. Юрак хасталигидан азият чекадиганлар учун спиртли ичимликлар ҳатто кичик дозаларда ҳам ман этилади.
Буйракларга таъсири
Спиртли ичимликларни истеъмол қилишда буйраклар ҳам катта хавф остида қолади. Буйрак спирт таркибидаги токсик моддаларни ўзида тўплайди, сўнг аъзо тўқималари ўзгаради ва некроз, буйрак тошлари, буйрак етишмовчилиги каби турли хил касалликлар ривожланади.