Боланинг «қуш уйқу»лиги кўплаб ота-оналарни ташвишга солиши табиий. Агар гўдакка уйқу тўғри ташкиллаштириб берилса, боланинг ором олиши муаммо даражасига кўтарилмайди. Буни она ўзидан бошлаши керак. Вақтида, етарлича ухлаган она боласини боқиш учун керакли кучга эга бўлади. Онада уйқу эҳтиёжининг тўлиқ қондирилиши ва хотиржамлик кўкрак сутининг кўпайишига омилкорлик қилиб, гўдак етарлича озиқланади ва табиийки, уйқуси ҳам жойига тушади.
Кичкинтой имкон қадар тезроқ тун ва кунни ажратиб олиши керак. Кечга яқин очиқ ҳавода сайр қилдириб, чўмилтириб, каттароқ болалар билан эса турли ўйинлар ўйнаш орқали вақт ўтказиб, сўнг эртароқ тўшакка ётишга ўргатинг.
Айрим ота-оналар боланинг тунги безовталанишини қорни тўймаганига йўйиб, ухлатиш олдидан тўйимли таомлар билан овқатлантиришади. Бу эса тескари натижа беради, яъни бола еганини ҳазм қилолмай қорнида оғриқ сезади ва йиғлаб уйғонади. Болага кечки овқатни берган заҳоти тўшакка ётқизмай, ҳазм қилиб олишини кутинг. Гўдак дастлабки 3 ойда кечаси 2-3 марта кўкрак сути билан озиқланишга эҳтиёжманд бўлади. 6 ойгача эса фақат бир марта уйғониб, эмишни истайди. 6 ойдан кейин бола тунги овқатланишга биологик жиҳатдан муҳтож эмас. Кечки пайт еган таоми тонгга қадар очлик ҳиссини туймаслик учун етарли. Аммо кичкинтой тунда уйғониб қолса, эмизиб ухлатишнинг зарари ҳам йўқ. Чунки она сутининг ҳазми осон, шунингдек, тинчлантириш хусусиятига эга. Кечаси кўп эмган бола эртасига кундузи озуқаланиш учун сут заҳирасини йиғади, яъни кечаси фаол ишлаган сут безларига кундузи кўп сут тўпланади. Аммо сунъий озуқа шароитидаги болалар тунда уйғонганида овқатлантирилмай, тебратиш ёки алла айтиш орқали ухлатишга ҳаракат қилган афзалроқ.
Эъзоза Илғорзода