Гемоглобин меъёрдан ошиб кетса...

Қондаги гемоглобин миқдорини қандай ошириш ҳақида маслаҳатларни тез-тез эшитамиз ёки ўқиймиз. Аслида гемоглобин нима? Ва у нормада қанча бўлиши керак? Саволларимизга жавоб топамиз.

Гемоглобин таркибида темир моддаси бўлган қон оқсили бўлиб, унинг ёрдамида кислород қон билан нафас олиш органларидан тўқималарга ўтади ва у тескари жараёнда - карбонат ангидридни тўқималардан нафас олиш органларига етказиб беришда иштирок этади.

Шунга кўра, одам қонида гемоглобин миқдори қанча юқори бўлса, ҳужайраларнинг кислород билан таъминланиши шунчалик яхшиланади ва мушаклар ҳаракати фаоллаша бошлайди. Шунинг учун, спортчилар ғалаба қозонишлари учун улардан жуда юқори даражадаги гемоглобинга эга бўлишлари талаб этилади.

Организмимиз учун нормал гемоглобин миқдори 

Норма эркаклар ва аёллар учун фарқ қилади, ёшига қараб, янги туғилган чақалоқлар ва ҳомиладор аёллар учун алоҳида норма белгиланган.

Эркакларда қондаги гемоглобин нормаси ўртача 140-160 г/л ни ташкил этади. Лекин улар ёшга кўра фарқланади.

16-18 ёш - 117-166 г/л;

19-45 ёш - 132-173 г/л;

46-65 ёш - 131 -172 г/л;

66-90 ёшда - 126-174 г/л.

Аёллар учун норма 120-150 г/л этиб белгиланган. Ёшга кўра,

15-18 ёшда - 117-153 г/л;

19-45 ёшда - 117-155 г/л;

46-65 ёш - 117-160 г/л;

66-90 ёш - 117-161 г/л.

Гемоглобиннинг пасайиши (анемия) темир ёки витамин етишмаслиги билан юзага келиши мумкин. Шунинг учун танадаги витамин ва минерал мувозанатни сақлаш муҳимдир.

Лекин унинг миқдоридан ошиб кетиши ҳам бир қанча касалликларга сабаб бўлади. Масалан, қондаги эритроцитларнинг кўпайиши - эритроцитоз, қон ивиши, юрак нуқсонлари, ичак тутилиши, юрак-ўпка етишмовчилиги.

Яъни, гемоглобин нормал бўлганида яхши. Унинг кўпайиши ёки камайиши бизга зарар етказади. Бунинг олдини олиш учун вақти-вақти билан текширувдан ўтинг, витаминларни истеъмол қилинг.

Муҳаббат Рустам қизи