Фарзандингизни тушунмаяпсизми? Демак, балоғатга етган!

Қиз бола туғилгандан бошлаб, унинг соғлиғига ота-онаси, кейинчалик эса ўзи масъул ҳисобланади. Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир қиз келажакда соғлом аёл бўлиб, баркамол фарзандларни дунёга келтириши учун ўсмирлик давриданоқ, репродуктив саломатликка алоҳида эътибор бериши лозим. Агар сиз ҳам ўсмирлик даврини бошидан ўтказаётган фарзандингизни тушунмаётган бўлсангиз, қуйидаги психолог маслаҳати айнан сиз учун!

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/4HYkouzcv20" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

– Балоғат ёшидаги қизлар ва балоғат ёшидаги фарзанди бор оналарга қандай маслаҳатлар берасиз?

– Балоғат ёши болаликдан катталикка ўтиш даври бўлиб, бу пайтда инсонда ҳам руҳан, ҳам физиологик ўзгаришлар рўй беради. Гормонларнинг ўйнаши ҳисобига улар гўё ўзларини катталардек тутишни бошлайдилар. Бундай пайтда оналар фарзандларига ёш бола каби муносабатда бўлмасдан, катта одамларга гапиргандек, ўзларини жиддий тутишлари керак. Ўз-ўзига баҳоси паст бўлган ёшлар кўпроқ онасининг қўллаб-қувватлашига ва мақтов сўзларига муҳтож бўлади. Оналар эса аксинча, бу пайтда ўсмир ёшдаги фарзандларининг ёмон йўлга кириб кетмасликлари учун ҳар қачонгиданда кўпроқ талабчан бўлиб, босим ўтказадилар. Бу эса эндигина ўзини шахс сифатида англаётган фарзандга оғирлик қилади ва қарши муносабатини қайсарлиги орқали намоён этади.

– Қиз боланинг онасига ўз ички кечинмаларини очиқ-ошкора айта олиши бу тўғри тарбиянинг маҳсулими ёки андишасизлик?

– Агар она бу даврда фарзандини эшита олишни билса, қизи унга шунчалик яқин бўлади. Натижада эса у ташқаридан меҳр ва қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлмайди, ёмон йўлларга кириб кетмайди ва ўзига бўлган баҳоси юқори бўлади. Бу эса унинг ўсмирлик давридан осонроқ ўтишига ёрдам беради.

– Фарзандини бошқаларнинг фарзанди билан солиштириш ўринлими? 

– Агар фарзандингиз бахтсиз бўлишини истасангиз, уни танқид қилинг. Чунки доимий равишда танқидга учраган фарзандлар келажакда ўз ўрнини топишга қийналади. Қизлар оилада она сифатида, турмуш ўртоғи учун аёл сифатида ўз ўрнини топа олмайди. Ўғил болалар эса ишда, пул топишга қийналади, моддий томондан эркин бўла олмайди. Шунинг учун ҳам фарзандларни биров билан солиштириб, танқид қилиш яхши оқибатларга олиб келмайди.

Интиқиб ўғил кутилган оилада туғилган қизлар қисмати сизга ҳам қизиқми? Туғруқдан кейинги депрессиядан қандай чиқиш мумкин? Шу каби саволларга жавоблар, шунингдек, бўлғуси келинларга оила мустаҳкамлиги ва янги оила аъзоларининг кўнглига йўл топиши учун психологдан зарурий тавсияларни батафсил you-tube каналимизда томоша қилишингиз мумкин.

Эъзоза Турғунова суҳбатлашди.