Фарзандингизни эрта юришга мажбурламанг

Кўп одамлар учун тизза ва оёқдаги муаммолари қарилик белгиси. Аммо тизза бўғимининг деформацияси, артрит болалик даврида ҳам ўзини намоён қилади.

Тизза эгрилиги нима?

Эгри тиззалар энг кенг тарқалган ортопедик касалликлардан биридир. Бунинг оқибатида, юриш ўзгаради ва доимий тизза оғриғи, юрганда ноқулайлик ва чарчоқ юзага келади.

Тизза деформацияланганида, у ичкарига ёки ташқарига силжийди, бу эса оёқ суякларининг таянч бурчаги ва эгрилигининг ўзгаришига олиб келади. Шифокорлар деформациянинг икки турини ажратиб кўрсатадилар:

1. Тиззалар ичкарига бурилган, оёқ силуэти Х ҳарфига ўхшайди;

2. Тиззалар ташқарига қараб ҳаракатланади, оёқлари О ҳарфига ўхшайди.

Касаллик ҳаётнинг турли босқичларида ривожланиши мумкин: туғилишдан олдин, болалик даврида ва катталарда. Туғма аномалия, агар ҳомиладорлик пайтида она эндокрин тизим билан боғлиқ муаммоларга дуч келган бўлса ривожланади.

Агар бола соғлом туғилса, у ҳолда қуйидаги ҳолатларда бўғим деформацияси ривожланиши мумкин:

- кальций ва D витамини етишмаслиги;

- тана вазнининг оғирлиги;

- сурункали ёки туғма касалликлар оқибатида;

- жуда эрта юришни ўргатишга ҳаракат қилганда.

Озиқ моддалар етишмаслиги туфайли суяклар юмшоқ ва мўрт бўлади. Агар бола ўз вазнини кўтаришга ҳали мослашмаган оёқларда эрта турса, унда бўғинлар эгилиб қолади.

Деформацияни даволаш учун массаж, ортопедик пойабзалдан фойдаланиш, енгил физиотерапия ва овқатланиш тартибини ўзгариш зарур. Жиддий босқичда эса эгрилик жарроҳлик йўли билан даволанади.

Касалликдан иложи борича эртароқ халос бўлиш керак, чунки оёқларнинг эгрилиги сколиоз, умуртқа эгрилиги, тизза ва белдаги кучли оғриқ, юриш пайтида чарчоқ каби жиддий оқибатларга олиб келади.

Тизза эгрилигининг олдини олиш

Биринчи профилактика она томонидан амалга оширилиши керак. Ҳомиладорлик вақтида у овқатланиш тартиби ва дори-дармонларни қабул қилишга жиддий эътибор бериши керак. Заҳарли моддаларнинг ҳомилага таъсир ўтказишидан сақланиш лозим.

Дастлабки йилларда бола етарли миқдордаги кальций ва D витамини қабул қилиши, мунтазам равишда тоза ҳавода сайр қилиши керак. Сиз унинг ҳаракатларини чекламаслигингиз ёки аксинча, уни ўзи бажаришга тайёр бўлишидан олдин оёқларига қўйишга уринмаслигингиз керак.

М.Мирзалиева