Фарзандингиз скамейкада ўтирмасин!

Оддийгина скамейкалардан спорт тренажёри сифатида фойдаланиб, фарзандингизни кучли ва бақувват қилинг!

Ушбу дастур 6 – 13 ёшли болаларга тўғри келади. Ҳамма машқлар ўғил-қизларга бирдек фойдали. Уларни қизиқтириш учун машқни неча марта такрорлаётганини овоз чиқариб санаб туринг ва ҳар сафар натижаларини таққослаб боринг.

1. Бола юзи билан скамейкага қараб туради ва иккала оёғи билан унга сакраб чиқади, сўнгра пастга сакраб тушади. Агар скамейка баланд бўлса, иккала оёғи билан эмас, бир оёқда галма-гал сакрасин. Мабодо бола нимжонроқ ёки кичикроқ ёшда бўлса, скамейкага юриб чиқиб, пастга сакраб тушсин. Бу машқни хоҳлаганча такрорлаш мумкин. Фақат охирида скамейкадаги оёқ изларини латта билан артиб кетишни унутманг.

2. Бола скамейкага бели билан ётиб, қўлларини боши узра кўтарсин. Оёқ ва қўлларни бир вақтда кўтариб, оёқ учи ёки тиззаларини ушлашга ҳаракат қилсин. Бунда елка скамейкадан узилиб, тиззага қараш керак.

3. Бола скамейканинг орқасига ўтиб, суянчиқни ушласин. У қўлларига таяниб, оёқларини кўтариши керак. Сон ва тиззалар суянчиққа тегиб туриши мумкин, лекин унга тиралиб қолмаслиги керак. Фақат қўлларга таяниш лозим. Машқни 3 – 5 марта такрорласин.

4. Бола кафтини скамейканинг учига қўйиб, кучи етгунича тортинсин. Оёқлар тўғриланган ҳолатда бӯлсин.

5. Бола скамейканинг ёнига туриб, унга кафтлари билан тиралсин. Оёқларини кўтаринг. Бола қўллари ёрдамида юришга ҳаракат қилсин.

Эъзоза тайёрлади