Ёзингиз соз ўтмоқдами?!

Айни дамда болажонларнинг ёзги таътилларини мароқли ўтказишларини ташкил этиш ота-оналарни ўйлантирувчи масалалардан бири десак, муболаға бўлмайди. Зеро, ўқувчига таътил бекорга берилмаган. У узоқ танаффусдан фойдаланиб, таҳсил учун куч тўплаши, иссиқ ёз имкониятидан келиб чиқиб, танасини чиниқтириб олиши керак. Кимдир ёз келиши билан фарзандини тоғ ён-бағирларидаги оромгоҳларга жўнатса, кимдир мактаб қошида ташкил этилган кундузги оромгоҳни афзал кўради. Оромгоҳларга ишончсизлик билан қарайдиган, фарзандини бегоналар қўлига топширишдан хавфсирайдиган оилалар ҳам йўқ эмас. Айниқса пандемия пайтида.

Оромгоҳ санитария-гигиена, санитария-эпидемиология ҳамда хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бериши керак. Ундаги қулай шароитда болалар кундалик ҳаёт тарзига риоя этишади, сифатли овқатланиб, ижодий салоҳиятларини ривожлантиришади, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириб, дам олишади, саломатликларини тиклаб, мустаҳкамлашади, жисмоний тарбия, спорт ва туризм билан шуғулланишади.

Оромгоҳда болаларнинг эҳтиёжларига мувофиқ тўгараклар ташкил этилади, қўшимча таълим хизматлари кўрсатилади, санъат ва ҳунармандчилик йўналишлари бўйича машғулотлар ўтказилади.

Стационар оромгоҳлар – стационар база асосида қурилган ёки вақтинчалик ижарага олинган объектларда ташкил этилиб, унда болалар смена давомида яшашади. Мазкур оромгоҳлар стационар оромгоҳлар жойлашуви, таъминоти ва кун тартибини ташкил этишнинг санитария меъёрлари ва қоидалари талабларига асосан фаолият олиб боришади. Стационар турдаги оромгоҳ ходимлари учун яшаш ва овқатланиш бепул амалга оширилади.  Кундузги оромгоҳлар – умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, спорт, ижтимоий хизмат кўрсатиш, санаторий-курорт муассасалари, клублар қошида вақтинчалик ташкил этилиб, унда болалар фақатгина кундуз куни дам олдирилади ва соғломлаштирилади. Ушбу оромгоҳлар фаолияти таътил даврида болаларнинг кундуз куни дам олишларини таъминлаш ва соғломлаштириш оромгоҳлари жойлашуви, таъминоти ва кун тартибини ташкиллаштиришнинг гигиена талабларига мувофиқ юритилади.

Болалар оромгоҳларга йўлланма асосида юборилади. Бунда оромгоҳга йўлланмалар болаларнинг ота-оналари ишлаётган ташкилотлар, ота-оналар, ҳомийлар, касаба уюшмалари ташкилотлари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан харид қилинади. Соғломлаштириш муддатлари ёзги мавсумда 10 кундан, кузги, қишки ва баҳорги мавсумда 7 кундан кам бўлмаслиги лозим.

Эъзоза тайёрлади