Эшитдингизми, яна кунлар исиб кетаркан! Энди нима қиламиз?!

Шу кунларда ҳавонинг ниҳоятда исиб кетаётганлиги бир қанча ноқулайликларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, ҳомиладорлар ва кекса ёшдаги кишилар бундай пайтда деярли уйдан кўчага чиқа олмайдилар. Мутахассислар қон босими юқори кишиларга ҳам айнан шуни тавсия қилишади. Агар зарур иш билан кўчага чиқиш зарурати туғилса ҳам, шошилмасдан ҳаракатланинг, иложи борича соя жойларда бўлишга ҳаракат қилинг. Алкоголь ичимликларни истеъмол қилманг. Бу организмнинг умумий ҳолатига салбий таъсир этиши мумкин.

Жазирама иссиқ натижасида офтоб урганда зудлик билан соя жойларда сақланинг, зудлик билан душ қабул қилинг ёки шамол бор жойга ўтинг ва аста-секинлик билан кўпроқ сув ичинг. Офтоб уришидан сақланиш мақсадида иложи борича баданингизни совитишга ҳаракат қилинг.

Хўш, иссиқ кунлардa нимa қилиш керaк?

Кўп миқдорда сув ичиш организм фаолиятини яхшилаши ва туз балансини меъёрлаштиришга қулай шароит яратиши мумкин, аммо бунда организмнинг сув танқислигини тўлдириш учун газланган ёки ширин сув эмас, аксинча, оддий ичимлик сувини истеъмол қилиш керак. Сурункали касаллиги мавжуд кишилар эса шифокор тавсиясига риоя қилиши керак.

Энг иссиқ пайтда – 12:00 дан 16:00 гача кўчага чиқмасликка, айниқса, қуёш тагида юрмасликка ҳаракат қилинг. Кунингизни шундай режалаштирингки, бу вақтда ё ишда, ёки уйда бўлинг.

Кўпроқ душ қабул қилинг. Мунтазам равишда тозаланиш баданнинг яхши нафас олишига ёрдам беради. Албатта сув хона ҳароратида бўлиши керак. Муздек сув билан ювиниш эса тана ҳароратининг кескин ўзгариши натижасида пневмония касаллигига олиб келади.

Иссиқ кунлардаги камҳаракатлилик гипертония, юрак-томир касалликлари ва тромбоз ривожланишига олиб келади. Шунинг учун ҳам эрталаб ва кечқурун кўпроқ ҳаракат қилинг.

Таомномангизни ўзгартиринг. Иссиқ кунда кўпроқ совуқ таомлар истеъмол қилинг. Ёғли сут ва гўшт маҳсулотларидан тийилинг, аммо сабзавотлар ва балиқ маҳсулотларидан воз кечманг. Таомномангиздаги туз миқдорини оширинг, чунки юқори ҳароратда, тананинг терлаши натижасида кўп миқдорда натрий моддаси йўқотилади.

Кийинишга ҳам алоҳида эътибор қаратинг. Синтетик матодан тикилган кийимлар киймасликка ҳаракат қилинг. Кепка, шляпа ёки панамалар кийишдан уялманг. Чунки офтоб уриши асосан бош қизиганидан содир бўлади.

Қуёшнинг иссиқ тафти қалбингизни илитса-да, ҳушингизни элитмасин дея, medo.uz жамоаси сизга саломатлик тилайди!