Биласизми, товон ёрилишига қарши курашишда сода ва совунли ванна самарали ёрдам беради. Бунинг учун 5 л иссиқ сувга 2 ош қошиқдан истеъмол содаси ва қирғичдан ўтказилган антибактериал совун (ёки суюқ совун) аралаштирилади. Муолажани бир неча кун 10-15 дақиқадан қўлланг.
Ҳар куни оёқларга торф оксид (дорихоналарда сотилади)ли иссиқ ванна қабул қилинг ва уларни артиб, қуритгач товонга таркибида А ёки F витамини бор озиқлантирувчи крем суртинг. Ванна 10 кун давомида 15 дақиқадан амалга оширилади. Уни, яхшиси, ухлашга ётишдан олдин қўллаган маъқул.
Шунингдек, ухлашдан аввал оёқларингизни крахмал эритмаси (1 л сувга 2 ош қошиқ)га солиб ўтириш яхши самара беради.
2 л сувга 2 ош қошиқдан сут ва крахмал аралаштиринг. Унга оёқларни 15 дақиқа солиб ўтирасиз. Зинҳор уларни чайманг. Аксинча, қоғоз сочиқ билан артиб канакунжутли, чакандали ёки бошқа бирор турдаги крем суртиб, пахтали пайпоқ кийинг.
Бундан ташқари, 1 дона олманинг пўстини арчиб, кубик шаклида майда тўғранг ва бир оз сут билан бўтқа кўринишига келгунча паст оловда қайнатинг. Ҳосил бўлган массани товонга қалин қилиб суртинг ва устидан боғланг. Компресс ярим соат тургач, илиқ сувда ювиб ташланг.
Гўштқиймалагичдан ўтказилган сельдерей бўтқасига тенг миқдорда табиий сариёғ қўшинг ва уни кунига 2 маҳал товонингизга суртинг, ишонинг, натижаси сизни ҳайратлантиради.
Эъзоза Илғорзода