Бугунги кунда сайёрамиздаги ҳар минг нафар чақалоқдан иккитаси ана шундай туғма нуқсон билан дунёга келади. Қолаверса, соғлом туғилган болалардан ҳар минг нафаридан 2-3 таси бир ёшга тўлгунига қадар йиқилиб турли жароҳатлар олади. Шунингдек, дори-дармонларни нотўғри қабул қилиш, грипп ва ўткир респиратор вирусли касалликлар натижасида эшитиш аъзоларида нуқсонлар пайдо бўлади. Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун ота-оналар болаларни тўғри парвариш қилишлари, агар бола шамолласа, албатта, шифокор кўригидан ўтказгандан кейингина дори-дармон беришлари зарур.
Халқимиз тилида тумов, тиббиётда ринит деб юритиладиган касалликнинг сурункали шакли бугун кўп учрамоқда. Илмий тадқиқотлар натижасига кўра, беморларнинг саксон фоизида бу касалликка бурундан бошқа аъзолар, масалан, бурун атрофидаги бўшлиқлар шамоллаши, бурун тўсиғи қийшайиши, қолаверса, жигар, буйрак, ошқозон-ичак касалликлари ҳам сабаб бўлади. Бундан ташқари, ҳаводаги чанг-ғубор ва турли ўткир ҳидлар ҳам нафас йўлларида аллергик муаммолар келтириб чиқариб, тумовга олиб келиши мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/mkO1CHwDIgg" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
— Бурун битиши ва қулоқ оқишининг сабаблари ва уларни бартараф этиш йўллари нималардан иборат?
— Бурун тўсиғи деформацияси, аллергик ҳолатлар, димоғ бези катта бўлиши, шунингдек, гижжалар ҳам бурун битишига олиб келиши мумкин. Болаларнинг юзи ёки баданида оқ доғлар бор-йўқлигига эътибор қаратиш зарур. Агар боланинг сўлаги оқса, киндик атрофида оғриқдан шикоят қилса, уни дарҳол мутахассислар кўригидан ўтказиш тавсия қилинади.
Қулоқ оқиши эса отит, яъни ўрта қулоқ яллиғланиши белгиси бўлиши мумкин. Бу касаллик катталарга қараганда болаларда оғирроқ кечади. Ушбу хасталик юқори нафас йўллари яллиғланиши билан кечадиган юқумли касалликлар – грипп, қизамиқ, скарлатина сабаб юзага келиши мумкин. Касалликни ўз билганича даволаш, қулоққа ҳар хил ёғлар томизиш, қулоқни ковлаш қулоқ пардасига зарар етказиши мумкин. Бемор, албатта, лор шифокори назорати остида даволаниши мақсадга мувофиқ.
Касаллик қайталанмаслиги учун совқотиш ва шамоллашдан эҳтиёт бўлиш керак. Болани чўмилтираётганда қулоқларига сув кирмаслиги учун вазелин суртилган пахтани қулоқга тиқиш керак. Аксарият оналар бундай вазиятда тиббий пахтанинг ўзидан фойдаланишади. Ҳолбуки, пахта сувни ўзига шимади ва суюқликни ичкарига ўтказади. Бу бола соғлиғи учун жуда зарарли. Қулоқдаги оғриқ ёки суюқлик ажралиши билан кечадиган касалликлар ўз вақтида даволанмаса, менингит, сепсис, ҳатто бош мия абсцесси каби оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Шу боис, боланинг қулоғи оқишига бефарқ қараб бўлмайди.
Анора Бозорова суҳбатлашди