«Дадам ишдан келсалар, тўлиб кетар уйимиз»!

Эркак киши кўча одами бўлгани билан унинг доимий қароргоҳи – оила. Устоз Озод Шарафиддинов «Оила – бахт фабрикаси», деб бежиз айтмаган. Эркак эрталабдан кечгача елиб-югуриб оилани тебратиш, рўзғор ғорини тўлдириш пайида бўлади. Ишда раҳбаридан дакки эшитиши, ходимларидан ғазабланиши, иши битмаганидан, муваффаққиятни қўлдан бой берганидан афсусланиши мумкин. Ишхона эшигини қулфлар экан, унга бағрини очаётган янги олам – оила томон интилади. Кичкиналигимда «Дадам ишдан келсалар, тўлиб кетар уйимиз», деб бошланувчи шеърни ёд олгандим. Ҳа, оила бошлиғи келгунча хонадонга нимадир етишмаслиги ҳақ гап. Машҳур комедик кинодаги «Эрининг ишдан келишини байрамдек кутиб олиш керак» тавсиясида ҳам жон бор. Агар эркак уйга кириши билан аёли «Дадаси, уйда картошка қолмаган», «Коммунал тўловдан қарз ёзиб кетишди» «Ўғлингиз «2» олибди», «Бугун яна мазам қочиб қолди» тарзида саломлашса, эркакнинг шундоқ ҳам муаммолар билан тўла мияси бўшанмайди, аксинча, янги ўйлар жаҳлини чиқаради. Албатта, оилага боғлиқ масалаларни оила бошлиғисиз ҳал этиб бўлмайди, лекин уларнинг баёнини кечки овқатдан кейинга қолдириш вақтдан ютқизиш эмас.

Жажжи қизалоқ қўғирчоғининг сочини силайди, бағрига босиб, «болам», дейди. Уни кузата туриб, оналик меҳри болаликданоқ уйғонади, эркаклар эса буни набирали бўлганларида ҳис этадилар, деб хўрсиниб қўямиз. Аслида эркаклар кўринишидан болажон туйилмаса-да фарзанд орттириш уларнинг энг олий истаги. От ўрнини той босар. Эркак, ўғилми-қизми, вужудида қони оқиб турган издоши бор экан, ҳаётдаги ҳар қандай омадсизликни енга олади. Худди аёл каби фарзанди учун яшайди, қизига сеп йиғиш учун тинмай меҳнат қилади, ўғлини ўйлаб иморат солади. Бола – энг яхши антидепрессант. Набирасига кўз-қулоқ бўлган бобо, фарзанди билан ўйнаган ота асло чарчамайди, балки бахтдан қувват олади. Бу вақт эркакда сератонин ва окситоцин гормонлари фаол ишлаб чиқарилиб, организмни стресслардан ҳимоялайди. 

Аёллар учун ишсизлик муаммоси йўқ. Жилла қурса улар «уй бекаси» номига эга бўладилар ва бундан ор қилмайдилар. Эркакларга эса иш нафақат даромад манбаи, балки жамиятда ўз ўрнини топиш ифодасидир. Аёллар пенсия ёшини кутиб яшайдилар, эркаклар эса иш жойидан айрилишдан қўрқишади. Ўзига ёқадиган, муносиб ҳақ тўланадиган, яхши жамоага эга иш жойи эркакнинг меҳнат қобилиятида муҳим аҳамиятга эга. Мансаб пиллапоясидан қулаш ва ишсизлик эркакларга хос депрессияни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири. Шу сабаб йигит киши илм ва ҳунар танлаётганида меҳнат бозори билан ҳисоблашиши, ўз ҳудудида зарур, эрта кунда иш излаб сарсон бўлмайдиган касбни танлаши лозим. Яна бир ечим – «Йигит кишига етмиш ҳунар оз», нақлига амал қилиб, ўз соҳасига қўшимча кўникмаларни ўзлаштириш, «Янги уйни қурмасдан эскини бузма» тамойилига бўйсуниб, бошқа иш жойида заҳира кадр сифатида шаклланмай туриб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишга шошилмаслик муҳим.

«Эркаклар ҳар куни чойхона, гап-гаштакда. Шунинг учун соғлом, бизга ўхшаган камқон эмас» дегувчи аёл ўзи ўйлаганчалик ҳақ эмас. Тўйимли эмас, тўғри овқатланган одам соғломдир. Албатта, эркак юрагига ошқозони орқали йўл излаш кераклигини англаб, аёл пазанда бўлиши, турмуш ўртоғини бақувват таомлар билан сийлаши керак. Лекин парҳез ҳам муҳим аҳамиятга эга. Иштаҳаси карнай эркак, албатта, таом орқали тўпланган энергия сарфи ҳақида ҳам бош қотириши лозим. Акс ҳолда ортиқча вазн ортидан ошқозон-ичак трактининг бузилиши, юрак атрофига ёғ тўпланиши, қандли диабет, инсульт, инфаркт каби хавфли касалликларга замин яратилади. Лекин эркаклар ичида кечки таомдан бош тортиб, фарзандлари еяётган ширинликка шерик бўладиганлари ҳам топилади. Иштаҳасизлик, аввало, бирор бир касаллик аломатидир. Масалан, камқонлик. Кулманг, бу фақат аёллар дарди эмас. Эркак организмининг витамин ва минераллар билан тўйиниши организмда гормонал мутаносибликни яратади ҳамда умумий саломатликка хизмат қилади. Масалан, рух моддасининг меъёрдалиги эркаклик гормони – тестостероннинг ўрнида ишлаб чиқарилишини таъминлаб, насл қолдириш қобилиятини оширади. Демак, эркаклар таомномасидан қўй ва балиқ гўшти, сут маҳсулотлари, дуккакли донлар, мева ва сабзавотлар, кўкатлар, албатта, ўрин олиши керак. Алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари эса ақлий ва жисмоний баркамоллигининг энг биринчи душманлари саналади.

Эркакка ота-она, рафиқа, фарзандлар ҳам дўст, лекин ташқаридан ҳам бир дўст, тиргак керак. Ўғил фарзанд болалигидан дўстлар даврасида бўлиши даркор. Баъзан эркакнинг акаси ёки укаси қўллаб-қувватлолмаган пайтда дўст ёрдамга келади. Аёлига айтолмаган сирини дўсти билан бўлишиши мумкин. Чин дўст қийин дамларда беминнат ёрдамчи. У душмандан ҳимоялайди ҳам. Дўсти кўп эркакларнинг ўзига нисбатан ишончи, ҳаётга қизиқиши юқори бўлади.

Йигит кишининг соғлом ва бақувват, ақлан етук бўлишини спорт билан доимий шуғулланиш кафолатлайди. Эркак қайси касб вакили бўлмасин, ўзининг севимли машғулоти, севувчи спорт тури бўлмоғи лозим. Аёлларнинг «Эрим кечаси билан футбол кўради», «Кап-катта киши теннис ўйнашга уялмайди» каби нолишларига айтар сўзимиз: «Унинг ярим тунда кўча дайдиб юриши ёки қариганида касал бўлиб ётишини хоҳлармидингиз? Ундан кўра қўшни хонада бақириб-чақириб футбол кўриб ўтиргани, тетик ҳолда набиралари билан теннисда беллашаётгани афзал эмасми?»

Дадасининг қизи