Чорвоқда чўмилиш аёллар учун хавфли!

Қовуқ соҳасидаги оғриқ, ҳожатхонага тез-тез бориш ва иситма - циститни биринчи аломатларидан сезиш қийин эмас. Ушбу касаллик консерватив даво орқали тез ечимини топади, аммо, афсуски, цистит кўпинча ёзда, таътил вақтларида кўп учрайди. Нима учун бу содир бўлади ва сизнинг дам олишингизга халақт беради? Келинг, ойдинлик киритамиз.

Бикини циститнинг асосий қўзғатувчи омилидир.

1. Сузиш ҳавзаларида айниқса, кўл ёки сув омборларида кўплаб бактериялар яшайди. Улар аёлларнинг сузиш кийимларига жойлашадилар ва ўткир циститни келтириб чиқариши мумкин.

2. Бикини ва сузиш кийимлари чўмилгандан кейин узоқ вақт нам бўлиб қолади. Нам ва илиқ муҳит бактериялар кўпайиши учун жуда қулай шароитдир.

3. Сузиш кийими танага маҳкам ўрнашган бўлади ва шунингдек, ҳаракатланганда бактерияларнинг қин соҳасига ва тўғридан-тўғри сийдик пуфагига кириши осон кечади.

Цистит юқумли касалликдир. У совуқда ўтирсангиз юқмайди. 70-95% ҳолларда ўткир циститнинг қўзғатувчиси E.coli – ичак таёқчасидир . У тўғри ичакда яшайди. Стафилококк, клебсиелла, протея, протеус каби бошқа патогенлар жуда кам кам ҳолларда ушбу касалликка сабаб бўлади.

Ўткир цистит аёлларда энг кўп учрайдиган касалликлардан биридир. Тахминан 50% аёлларга камида бир марта бундай ташхис қўйишган.

Ўткир циститни даволашнинг асосий усули бу антибиотик терапиясидир. Aёлларнинг 90 фоизида антибиотик терапиясини бошлагандан сўнг ўткир цистит белгилари 72 соат ичида йўқолади.

Ўткир цистит учун биринчи ўринда турувчи дорилар сифатида сийдикда фаол моддаларнинг юқори концентрациясини ва қонда паст концентрацияни ҳосил қилувчи, яъни асосан сийдик йўлларига таъсир қилувчи дорилар тавсия этилади.

Ҳомиладор аёлларда циститни даволаш учун ҳам антибиотик терапияси тайинланади, аммо ҳамма дорилар ҳам фойдаланишга рухсат берилмаган. Мутахассис билан маслаҳатлашиш лозим.

Цистит билан кўп миқдорда сув ичиш тавсия этилади - оддий сув сийдик миқдорини физиологик жиҳатдан оширади, сийдик пуфагини ювади ва бактерияларни йўқ қилишга ёрдам беради.