Ҳаётимизда турли воқеа-ҳодисаларга дуч келамиз. Уларнинг баъзилари ўзимиз, оила аъзоларимиз билан содир бўлса, баъзилари нотанишлар билан боғлиқ бўлади. Лекин муаммо ёки бахтсиз ҳодиса ким билан юз беришидан қатъий назар биринчи ёрдам кўрcатишга доим тайёр бўлишимиз керак. Айниқса бош мия жароҳатида. Чунки биламизки, бош миясидан жароҳат олган одамга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилмаса, у кутилмаганда оламдан ўтиши мумкин. Бундай аянчли ҳолатнинг олдини олиб, жабрланувчига «Тез ёрдам» машинаси етиб келгунига қадар зарур тиббий ёрдам кўрсатилиши керак.
Жароҳат:
- бош мияга бирор нарса билан қаттиқ зарба берилганда;
- одам қаердандир йиқилиб тушганида;
- сувга баланддан шўнғиганда;
- автоҳалокатга учраганда;
- бирор киши томонидан жисмоний зўравонлик ўтказилганда ва яна шунга ўхшаш ҳолатларда содир бўлади.
Бундай вазиятларда жароҳатланган кимса ёнидаги одам қуйидагиларга эътибор қаратиши ва қўлидан келганича, имкон қадар тезроқ биринчи ёрдамни кўрсатиши зарур.
Демак ярадорда:
- клиник ўлим ҳолати;
- ҳушдан кетиш;
- кечиккан - кутилмаганда ҳушни йўқотиш;
- озроқ муддатли ҳушни йўқотиш, жабрланувчи нима содир бўлганини эслай олмайди;
- оғиз, бурун, қулоқдан қон ёки пушти ранг суюқлик оқади;
- кўз атрофига қон қуюлиши (гематома);
- бутун тананинг ҳолсизлиги;
- кўз қорачиқларининг турли хил катталиги;
- кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи ва бош айланиши, кўриш қобилиятининг бузилиши, хуруж (судорога) аломатлари;
- хатти-ҳаракатнинг ўзгариши, тажовузкорлик кузатилади.
Ёдингизда тутинг:
1. Ҳеч қачон қонаб турган очиқ яраларга махсус қўлқопсиз тегинманг.
2. Жароҳат жойидан пичоқ, ёғоч бўлаги ва яна шунга ўхшаш предметларни ўзингиз олиб ташламанг. Акс ҳолда жароҳатдан фавворадек қон кетиши ва жабрланувчи оғир аҳволга тушиши мумкин.
3. Бошдан қон оқаётганда уни тўхтатиш учун ярани қаттиқ босманг!
4. Жабрланувчи бошидан жароҳатланган бўлса, оёқларини баланд кўтариш ҳам тақиқланади! Чунки мияга қон қуйилиши мумкин.
5. Жабрланувчига суюқлик ҳам бериш ман этилади.
«Тез ёрдам» етиб келгунича...
- агар жабрланувчи ҳушсиз бўлса, нафас олмаса, пульси сезилмаса – бели билан ётқизиб, жонлантиришга ҳаракат қилинг;
- мабодо тириклик аломатлари бўлса-ю, ҳушсиз ётса, ёнбошлатиб бир текис ҳолатда ётқизинг;
- жабрланувчининг боши ҳам ёнбош томонга қаратилиши керак;
- бошидан қон оқаётган бўлса, уни тўхтатиш учун бош билан бирга тананинг юқори қисмини бир оз кўтариш керак.
Ҳар қандай бахтсиз ҳодиса сабаб жароҳат олган кимса ҳушсиз бўлса, нафас олмаса, пульси сезилмаса, уни жонлантиришга ҳаракат қилиш керак. Бунинг учун биринчи навбатда:
1. Эркин нафас олишига имкон яратинг. (Масалан: оғизида мавжуд барча ёд нарсаларни олиб ташланг: тиш протези, овқат қолдиғи, дарахт шохчаси ва ҳоказо). Лозим бўлганда жабрланувчини аввал ёнбош кейин бели билан ётқизинг.
2. Сунъий нафас беринг.
3. Юрагини уқаланг.
Агар жонлантириш ниятидаги хатти-ҳаракатингиз ижобий натижа берса:
- сунъий нафас берилганда, кўкрак қафаси кўтарилади;
- тери ва шиллик қават пушти рангга киради;
- юракни уқалаганда артерия пульси сезилади.