Болам ухлаяпти-ку — деб ғафлатда қолманг!

Кўпгина ота-оналар кичкинтойининг туни ва кунининг алмашиб қолганлигидан шикоят қилишади, базилар эса болажоннинг уйқучилигидан хавотирга тушади. Кун давомида жисмоний ва ақлий фаол бўлган бола тунда дам олишга эҳтиёж сезади ҳамда мажбурий уйқуга ҳожат қолмайди. Уйқу олдидан ўйин ўйнатиш, мультфильм томоша қилдириш, эртак китоблар ўқиб бериш ва алла айтиш болани узоқ ва тинч уйқуга тайёрлаш усулларидандир. Бироқ энурезга чалинган болаларда уйқу олди палла тинч ўтказилиши, телевизор ва телефонлардан йироқ бўлиш лозим. Акс ҳолда қовуқ гиперфаоллиги кучаяди.

Хонадаги ҳаво ҳарорати уйқу сифатига таъсир кўрсатади. Болалар ётоқхонасининг ҳаво ҳарорати 17–18°С, нисбий намлик 50–70% ни кўрсатиши даркор. Агар у ерда гуллар парвариш қилинса, кислород алмашиниши яхшиланади. Боланинг нафақат ухлайдиган, балки ўйнайдиган ва овқатланадиган хоналарини ҳам тез-тез шамоллатиб туриш зарур.

Бола яхши ухлашини хоҳласангиз, унинг тўшаги, ёстиғи, кийими ва таглиги ўзига мос ва қулайлигини текширишни унутманг.

Агар юқоридаги маслаҳатларга амал қилишингизга қарамай, боланинг тунги уйқусизлиги давом этаверса, дарҳол невропатологга мурожаат қилинг. Сабабсиз уйқу бузилиши бир қанча касалликлар, масалан, мия ичи босимининг ошиши, бош мияга қон қуйилиши, кисталар, гиперфаоллик синдиромидан дарак бўлиши мумкин. Гельминт (гижжа)лар ҳам тунда болани кўп безовталантиришини ҳисобга олиб, керакли таҳлилларни топшириш зарур.

Бола қанча кўп ухласа, ўзи ва оила аъзолари учун шунча яхшидек туюлади. Аслида болани меъёрдан кўп ухлашга бошланиб келаётган касалликдан ланжлик ёки қорнининг очқагани сабаб кучи йўқлиги мажбур қилаётган бўлиши мумкин. Кўп ухламайдиган бола тўсатдан уйқучига айланиб қолса, зудлик билан тиббий назоратдан ўтказилиши керак.

Кўп ухлайдиган чақалоқлар она сути билан етарлича озиқлана олмайди. Чунки сут безларида узоқ танаффус билан ишлашга мойиллик сезилиб, сут ажралиши кескин камаяди. Натижада боладаги сўриш рефлекси сустлашиб, янада кўп ухлашга ўрганади, она сути билан озиқланиш эса орқага қараб кетаверади. Дастлабки 6 ойгача муддатда она сутини қабул қилмаган бола организмида нафақат витамин ва минераллар танқислиги, балки сувсизланиш ҳам юз бериб, кўкрак сутидан эрта ажралиш хавфи остида қолади. Табиийки, улар кейинчалик ҳам кучсиз, тез чарчайдиган, иммунитети паст бўлишади. 

Шу боис уйқуси узоқ давом этган гўдакни уйғотиб олишга ҳаракат қилиш керак.