Хоразмда тиббиёт илмини юқори даражага кўтарган шахс, табиийки, Хива хони, тарихчи ва табиб, доришунос Абулғози Баҳодирхондир. Йигирма йил давомида (1644 – 1664) давлатни бошқарган ушбу шахс «Шажараи тарокима», «Шажараи турк» каби тарихий асарлари билан бирга, Шарқда кенг тарқалган «Манофеъ ул-инсон» («Инсон учун фойдалар») номли тўрт қисмдан, 21 бобдан иборат асар ҳам ёзиб қолдирган.
Доришунослик фанлари доктори Ражаббой Собировнинг таъкидлашича, «Биринчи қисм якка дорилар, иккинчи қисми эса мураккаб дорилар, учинчи қисми умумий дорилар ва тўртинчи қисми ҳаким ва донишмандларнинг ҳикматли сўзларига бағишлангандир».
Тиббиётга доир асарлардан ўрганганлари, ўзи қўллаган муоалажалар – умуман, ҳаётий тажрибасини «Маноъфе-ул инсон» асарида ёритган Абулғози Баҳодирхон ҳарбий ҳаракатларда ярадор бўлган навкарларини ҳам ўзи даволаган. Агарки, Абулғози асарига илмий асосда ёндашсак, унинг тиббиётга ва доришуносликка оид барча фанларни ўз ичига олганига гувоҳ бўламиз. Жумладан, инсон танасининг тузилиши, касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, даволашда бериладиган дори воситалари, уларни олиш манбалари (шифобахш тошлар, ҳайвон аъзолари, ўсимликлар дунёси), ҳар хил дори турларини тайёрлашдаги оддий ва ҳамма учун қулай технологик жараёнлар, дориларни беморларга бериш усуллари каби ҳозирги замон фанларини ўз ичига олган.
Унинг илғор ғояларидан бири: ҳар бир ўлкада касаллик пайдо бўлдими, унинг шифоси ҳам шу ернинг ўзида мавжуддир, уни излаб топиш учун маҳаллий гиёҳларга, қушларга ва ҳайвонот оламига мурожаат қилиш зарур, дея ҳозирги замон назариясига асос солган.
Абулғози Баҳодирхоннинг ушбу асари нафақат Хоразм, балки Шарқдаги кўплаб табиблар учун ўз даврида муҳим қўлланма вазифасини ўтаб келган ва шулардан амалда фойдаланилган.
Табиб, доришунос сифатида довруқ таратган Абулғозихон ўзи таъкидлаб ўтган дори тайёрлаш усулларини ёзибгина қолмай, бевосита сарой табибига махсус ер ажратиб, у ерда гиёҳларни ўстиришгаям бошчилик қилган. Шунингдек, бошқа ўлкалардан гиёҳ уруғларини келтириб, уларни Хоразм иқлимига мослаштирган ҳолда кўкартиришни йўлга қўйган. Кейин улардан дорилар тайёрлатиб, хонлик бозорларида сотишни ташкил қилган. Табиблар, гиёҳлар ёрдамида дастлабки муолажани ўзлари қўлловчилар учун таянадиган манба эса Абулғозихоннинг «Инсон учун фойдалар» номли китоби эди.
Эъзоза тайёрлади