Бачадон нотўғри жойлашган бўлса гимнастика билан шуғулланиш керак!

Гинекологик касалликларни даволашда махсус даво гимнастикалари бор эканлигини билармидингиз? Аёллар касалликларининг қуйидаги турларида гимнастика билан шуғулланиш тавсия этилади:

- бачадон ва чаноқ туби мушак-бойламларининг функционал заифлигида;

- бачадон нотўғри жойлашганида;

- аёл жинсий аъзоларининг сурункали дардларида, функционал сабабларга кўра сийдик тутолмаслигида ва ҳоказо. 

Бунда даволовчи жисмоний тарбия машқлари организмни умумий чиниқтириш, чаноқ мушак тизими ва бойламларни мустаҳкамлашга қаратилган бўлади. Ҳар бир хасталик учун ўзига хос машқлар мажмуаси ишлаб чиқилган. Масалан, чаноқ туби мушакларини мустаҳкамлаш учун чалқанча ётган ҳолатда оёқларни букиш ва ёзиш, оёқларни ҳамда тиззаларни кериш-жуфтлаш, гавдани эгиш ва буриш машқлари бажарилади.

Бачадон орқага силжиганида қоринда ётиш, «тўрт оёқлаб» туриш, тирсак-тиззада туриш, думбани юқори кўтариб ва бошқа ҳолатларда бажарилади. Сўнгги ҳолатда оёқлар галма-галдан кўтарилиб, олдинга энгашилади, бу бачадон ҳолатини тўғрилашга ёрдам беради.

Бачадон кичик тоснинг ўрта чизиғи бўйлаб жойлашган. Унинг нотўғри жойлашиши орқага сурилишидир. Бу яллиғланиш жараёни оқибатида юзага келиши мумкин.

Бачадоннинг букилиши – бачадон бўйни ва тана қисми бурчаги ўзгарганлиги билан изоҳланади. 

Мазкур ҳолатларга қарши амалга оширилувчи даво гимнастикаси мажмуаси бачадонни тўғри ҳолатга келтиради (ички қорин бўшлиғи босимини камайтиради, қорин бўшлиғи мушакларини бўшаштиради, бачадонни ўз оғирлиги таъсири остида олдинга оғиштиради). Даво гимнастикаси гинекологик массаж ва физиотерапия билан биргаликда ўтказилади.

Қоринда  ётган ҳолда тос тепага кўтарилади, қўллар эса ёнда. Оёқ тиззадан букилган ҳолатда қоринга олиб келинади. Кейин ён томонга бир оз ҳаракатлантирилади.

Қўл ва оёқларда туриш (тўрт оёқ) ҳолатида бўлиб олгач, товонда ўтирилиб, қўллар орқага ташланади. Бир оздан сўнг тизза-тирсак ҳолатида 5 дақиқа юрилади.

ДЖТ машқлари парафин, балчиқлар, диатермия ва қинни ювишлар билан биргаликда олиб борилса, яхши натижа беради.

Машғулотлар ҳар куни бошида 10 – 15, кейин 20 – 25 дақиқадан ўтказилиши керак. Машқлар аста-секин, юкламалар беморнинг умумий ҳолати яхшиланишига қараб берилади.

Машқларни фақат мутахассис маслаҳати билан амалга ошириш лозим. Акс ҳолда билиб-билмай қилинган машқлар ножўя таъсирларга олиб келиши мумкин.

Эъзоза Илғорзода