Аллергик реакцияларда шифокоргача биринчи ёрдам кўрсатиш

Одатда биз организмнинг маълум аллергенлар таъсирига нисбатан кўрсатган реакциясига аллергия деймиз. Аллергик реакциялар тезда намоён бўлади ва инсон танасида қичишиш, тери юзасининг қизариши каби ўзгаришлар кузатилади. Қуйида болаларда кўп учрайдиган энг кучли аллергия турлари ҳақида сўз юритамиз.

Анафилактик шок – энг оғир аллергик таъсир бўлиб, инсон организмига озиқ-овқат, дори-дармон, нафас йўллари ёки ҳашаротлар чаққанда тушади. 

Унинг хавфлилиги шундаки, жуда ҳам тез – бир неча дақиқаларнинг ўзидаёқ таъсир кўрсатади.

Аломатлари:

  • Босимнинг шиддат билан тушиши;
  • нафас олишнинг бузилиши;
  • кўнгил айниши ва қусиш;
  • терига тошма тошиши.

Нима қилиш керак?

  • Имкон қадар ваҳима қилманг, акс ҳолда болани чўчитиб юборишингиз мумкин.
  • Зудлик билан “Тез ёрдам” чақиринг.
  • Болани бели билан ётқизинг ва бошининг ҳолатидан келиб чиқиб оёғини бир оз кўтаринг. Бу ҳаёт учун зарур аъзоларда қон айланишининг яхшиланишини таъминлайди.
  • Агар бола қайт қилса, бошини ён томонга қаратиб қўйинг.
  • Шифокорлар етиб келгунича бирор антигистамин (аллергияга қарши) доридан белгиланган миқдорда беринг.

Эшак ем - ачишиш ва қичишиш билан намоён бўлувчи қизил рангли тошма. Бу турдаги аллергик тошма терининг бир томонида йўқолса, бошқа еридан қайта чиқиши мумкин. 

Аллергиянинг ушбу кўриниши кўпинча 3 ёшгача бўлган болаларда кузатилади. Бундан ташқари, у квинки шиши аломати бўлиб ҳам келиши мумкин. Шунинг учун уни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Аломатлари:

  • Терига ачиштирувчи, садаф рангли қавариқ ҳосил қилувчи қизил рангли тошма тошади.
  • Оғир кўринишида – бола қайт қилиши, ичи кетиши, нафас олишга қийналиши мумкин.
  • Тана ҳароратининг кўтарилиш эҳтимоли бор.

Нима қилиш керак?

  • Тозаловчи ҳуқна қилинг.
  • Аллергияни келтириб чиқарган воситани чекланг!!!
  • Болага 12 соат давомида ҳеч нарса едирмасликка ҳаракат қилинг, фақат кўпроқ сув ичиринг.
  • Ачишиш аломатини қолдириш учун тошмалар устига болалар кукунидан (присепка) сепинг.
  • Зудлик билан аллерголог шифокорга мурожаат этинг.

Квинки шиши – тери ва тери ости ёғ клетчаткасининг аллергик ҳолати бўлиб кўпинча юз (лаб, бурун, қовоқ, тил), баъзан кафт ва панжада намоён бўлади. 

Кичкинтойларда мазкур аллергик тур камдан-кам кузатилса-да, асосан қизларни қийнайди. Аслида Квинки шиши унчалик хавфли эмас, бироқ ҳиқилдоқ билан боғлиқ бўлганда зудлик билан ёрдам кўрсатилиши шарт.

Аломатлари:

  • Нафас олишнинг бузилиши.
  • Хириллаган йўтал тутиши.
  • Овознинг бўғилиши.
  • Юз териси аввал кўкариб, кейин рангпар тус олади.
  • Бош оғриғи, хуруж (судорога) ҳолати, ҳушни йўқотиш ва безгак тутиши мумкин.

Нима қилиш керак?

  • Болани қўрқитмаслик учун ваҳима қилманг.
  • Албатта, “Тез ёрдам” чақиринг.
  • Аллергияни келтириб чиқарган омилни имкон қадар тезроқ бартараф этинг: ҳашарот нишини олиб ташланг ёки бирор дори таъсирида юзага келган бўлса, уни болага қайта қўлламанг.
  • Боланинг оёқларини бир оз кўтариб қўйинг.
  • Унга хона ҳароратидаги ишқорли сувдан кўпроқ ичиринг.
  • Шифокорлар етиб келгунича антигистамин препарати қабул қилсин.

Эъзоза Илғорзода