«Инсульт бўлганман. Ҳозирда чап томоним яхши ишламайди. Қулоқ ва бошимда ҳам шовқин аломатлари бор. Аҳволимни енгиллаштириш учун менга қандай маслаҳатларни берасиз? »
М.
Саволга тиббиёт фанлари доктори, профессор, шифокор-невропатолог Зарифбой Ибодуллаев жавоб берди.
Сиз невропатолог назоратида текширувлардан ўтиб режали тарзда даволанишингиз керак. Бир ёки икки марта даволаниш етарли эмас. Инсульт - режали тарзда даволанишни талаб қиладиган касаллик. Қулоқ ёки бошдаги шовқин эса бош мияга борадиган йирик бўйин томирларининг атеросклерози (торайиши) сабабли рўй беради. Бўйин томирлари ҳолати доплерография текшируви орқали аниқланади. Кўпчилик қулоқдаги шовқиндан безовталаниб, ЛОР шифокорида даволаниб юришади. Лекин кўп ҳолларда қулоқдаги шовқин, (айниқса, ёши катталарда) асосан мияга ўтадиган қон томирлари торайишидан юзага келади. Шу боис сиз невропатолог билан маслаҳатлашинг. Овқатланишда парҳезга ҳам риоя қилинг. Яъни аччиқ, шўр, қовурилган таомларни имкон қадар истеъмол қилманг. Тинчлантирувчи таъсирга эга табиий малҳамлардан ҳам ичиб туринг.