Тиниқ юз териси ва соғлом ичаклар инсон саломатлиги ва умумий фаровонлиги учун муҳим ҳисобланади. Ичак микрофлораси билан тери ҳолати ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, фойдали бактериялар ва муҳим озиқ моддалар билан бойитилган маҳсулотлар нафақат овқат ҳазм қилиш тизимини яхшилайди, балки терининг соғлом ва ёш кўринишига ҳам ёрдам беради. Қуйида ичак ва тери саломатлиги учун энг фойдали егуликлар ҳақида маълумот берилади.
Тузланган карам
Тузланган турли навдаги карам иштаҳа очувчи мазали салат бўлибгина қолмай, пребиотиклар, ўсимлик толаси, темир моддаси, C, B ва К витаминларига бой маҳсулотдир. Уйда тузланган карам дўкондагига нисбатан фойдалироқ ҳисобланади.
Кимчи
Корейс ошхонасига мансуб машҳур кимчи таоми турли сабзавотлар, асосан, Хитой карамидан тайёрланадиган аччиқ салатдир. Унинг таркибида овқат ҳазм қилиш тизими учун фойдали бўлган бактериялар, К, Б2 витаминлари ва темир моддаси мавжуд.
Соя донлари
Ушбу маҳсулот Японияда жуда машҳур бўлиб, ёпишқоқ ва чўзилувчан бўлади. Оқсилга бой соя донлари японияликларда нонушта учун ҳам, кечки овқатда ҳам истеъмол қилинади.
Мисо шўрваси
Ушбу таом ҳам анъанавий япон ошхонасига мансуб бўлиб, мисо шўрваси юмшатилган мисо пастаси, гуруч, буғдой ва кодзи қўзиқоринларидан тайёрланади. Бундай шўрва оқсил ва ўсимлик толаларининг ажойиб манбаи бўлиб, минерал ва витаминларга бойдир.
Кефир (Қатиқ)
Сутга нисбатан анча фойдалироқ бўлган кефир ичак микрофлораси учун муҳим бўлган пребиотиклар ва фойдали бактерияларни ўз ичига олади. Кефир сигир ёки эчки сутидан тайёрланади ва ошқозонда ферментлар таъсирида содир бўладиган органик моддаларнинг, асосан, углеводларнинг кислородсиз парчаланиш жараёнининг олдини олади. Эрталаб нонушта қилиш учун вақтингиз бўлмаса, бир стакан кефир нафақат очликни қондиришга ёрдам беради, балки ичакларни ишга туширади.
Йогурт
Йогурт суяк саломатлигини яхшилайди, кайфиятни кўтаради. Аммо йогурт харид қилишдан аввал унинг ёрлиғини ўқиб чиқинг. Кўпгина компаниялар йогурт маҳсулотларини жонли бактерияларсиз ва катта миқдорда шакар билан ишлаб чиқаради. Бундай йогурт эса фойдали ҳисобланмайди.