Кечалари кўпчилик инсонлар дам олишни ва бирор нарса еб, севимли сериалини томоша қилишни хоҳлайди. Бу табиий ҳол, лекин баъзи маҳсулотлар бизнинг уйқу сифатимизга ва умумий саломатлигимизга салбий таьсир кўрсатиши мумкин. Кечқурун тановул қилган овқатимиз метаболизмимизни ўзгартириб, тунда яхши дам олишга тўсқинлик қилиши мумкин.Қуйида уйқудан аввал ва кечқурун истеьмол қилишни чеклаш керак бўлган маҳсулотлар ҳақида сўз боради.
Калория миқдорига эьтибор беринг
Тунда юқори калорияли озиқ-овқатлар истеьмолидан қочиш зарур. Масалан, оддий 100 грамм кунгабоқар пистаси 700 килокалория бўлиб, бу икки бўлак тортга тенгдир. Aгар вазн йўқотишни хоҳласангиз, биринчи навбатда тунги газаклардан воз кечинг.
Энергия берувчи маҳсулотларни чекланг
Кечки соат 8 дан кейин танани уйқуга тайёрлаш муҳим. Шу боис суньий энергия берадиган маҳсулотлардан қочиш керак. Булар қаҳва, аччиқ чой, какао, кола ва энергетик ичимликлардир. Масалан, пепперони ёки дудланган маҳсулотлар таркибидаги тирамин моддаси ноадреналин ишлаб чиқариб, уйқуни бузади. Шунингдек, қизил гўштдаги тирозин моддаси ҳам танага ортиқча энергия беради. Ушбу маҳсулотларни куннинг биринчи ярмида ёки тушликда истеьмол қилиш мақсадга мувофиқ.
Гликемик индексга эьтибор беринг
Гликемик индекс (ГИ) озиқ-овқат маҳсулотларидаги углеводларнинг қондаги шакар даражасига таьсир қилиш тезлигини кўрсатади. ГИ юқори бўлган маҳсулотлар (масалан, оқ нон, гуруч, картошка, сабзи ва шолғом) қондаги инсулин даражасини ошириб, танада ортиқча сувни ушлаб қолади. Натижада эрталаб шиш пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай маҳсулотларни кечки пайтда истеьмол қилишдан сақланиш лозим.
Индивидуал хусусиятларни ҳисобга олинг
Шўр ва аччиқ таомлар, шунингдек, ситрус мевалари кечқурун истеьмол қилинганда жиғилдон қайнаши ёки ошқозон безовталигини келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳолат уйқу сифатига салбий таьсир қилади. Спиртли ичимликлар ҳам уйқу сикли ва структурасини бузади, гарчи улар аввалига уйқу чақирувчи таьсирга эга бўлсалар ҳам.
Соғлом алтернативалар
Кечки овқат учун енгил ва соғлом танловлар қилиш муҳим. Масалан, ёғсиз балиқ, парранда гўшти ёки сабзавотли салат кечки таом учун идеал бўлади. Бу нафақат соғлом уйқуни таьминлайди, балки саломатликни сақлашга ҳам ёрдам беради.