Соғлом тишлар нафақат чиройли табассум, балки умумий саломатликнинг ҳам муҳим таркибий қисмидир. Кундалик одатларимиз, хусусан, овқатланиш тартиби ва тиш парвариши, тиш эмалининг мустаҳкамлиги ҳамда кариеснинг олдини олишда катта аҳамиятга эга. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, шакарли ва крахмалли маҳсулотлар тиш эмалини заифлаштириб, бактериялар томонидан ишлаб чиқариладиган кислоталарнинг тишларга зарар етказишига сабаб бўлади. Шу боис тишларни қачон ва қандай тозалаш масаласига тўғри ёндашиш жуда муҳим.
АҚШнинг Ню-Ёрк штатидаги Рочестер университети тиббиёт маркази тадқиқотларига кўра, шакарли маҳсулот истеъмол қилингандан кейин оғиздаги бактериялар атиги 20 дақиқа ичида тиш эмалини емирувчи кислоталарни ишлаб чиқаради. Маё клиникаси эса таркибида крахмал кўп бўлган картошка ва чипс ҳам эмалга зарар етказиб, кислоталарнинг кўпайишига сабаб бўлишини аниқлаган.
Кислоталар таъсирида тиш эмали вақтинча юмшайди ва заифлашади. Шу боис овқатдан сўнг дарҳол тиш ювиш эмалга зарар етказиши мумкин. Мутахассислар тишларни нонуштадан олдин ва уйқуга ётишдан аввал тозалашни тавсия этадилар. Кечаси оғизда камроқ сўлак ишлаб чиқарилади, бу эса бактериялар тўпланишига олиб келади. Шунинг учун эрталаб уйғонган заҳоти тишларни ювиш муҳим саналади.
Кун давомида тиш ювиш зарур бўлса, овқатдан кейин камида 60 дақиқа кутиш тавсия этилади.