Сочлар одам организмининг умумий соғлиғини акс эттирадиган муҳим белгиларидан биридир. Сочларнинг яхши ўсиши ва соғлом ҳолати учун кўплаб омиллар таъсир қилади, жумладан, тўғри овқатланиш, стрессни бошқариш ва умумий саломатлик ҳолати. Сочларнинг тўкилиши ва ўсиши кўпинча ички жараёнларга боғлиқ бўлиб, улар витаминлар, минераллар ва аминокислоталар билан боғлиқ тўғри овқатланиш орқали яхшиланади. Сочларнинг соғлом ўсиши учун зарур бўлган муҳим витаминлар ва минералларни киритган ҳолда, турли хил овқатлар истеъмол қилиш жуда муҳим. Шунингдек, стрессни камайтириш ва соғлом уйқуни таъминлаш ҳам сочларнинг яхши ўсишига ёрдам беради.
Сочлар тезроқ ўсиши учун А, B, E, D каби витаминлар гуруҳлари, микроэлементлар: цинк, олтингугурт, мис, темир, селен, йод, кремний, магний ва ёғ кислоталари барча ҳужайра мембраналарини барқарорлаштиришда зарурдир.
В витаминларига бой маҳсулотлар ҳам соч илдизини мустаҳкамлайди, уларга донли маҳсулотлар, ёнғоқлар, дуккаклилар, кўкатлар ва карам киради. Биотин (В7 витамини) эса тухум, денгиз маҳсулотлари, дуккаклилар, ёнғоқлар, ширин картошка, брокколи, авокадо, қулупнай, малина ва қўзиқоринлар таркибида мавжуд.
D витамини ёғли балиқ маҳсулотлари, ёввойи қизил икра, скумбрия, палтус, треска жигари, сариёғ, тухум сариғи ва қўзиқоринда кўп учрайди.
А ва Э витаминларини мол гўшти, жигар, авокадо, тухум, балиқ, сут маҳсулотлари ва пишлоқдан олиш мумкин.
Омега-3 ёғ кислоталарига ёғли балиқ, денгиз маҳсулотлари, мол гўшти, тухум, ёнғоқлар, чиа уруғи бойдир.
Мис қуйидаги маҳсулотларда учрайди: ҳайвон ва балиқ жигари, денгиз маҳсулотлари, дуккаклилар, ёнғоқлар, исмалоқ, лавлаги, помидор, сабзи, карам ва кўкатлар.
Экспертлар таъкидлашича, сочлар — организм саломатлигини кўрсатувчи ташқи белгиларнинг асосийси. Кўп соч тўкилиши эндокринолог кўригига бориш учун асос бўла олади. Шифокор гипотиреоз, инсулин резистентлик, гормонал бузилишлар каби касалликлар мавжудлигини аниқлаши лозим.
Шунингдек, стресс ҳолатларини ҳаётингизда камайтириш тавсия этилади, албатта, бу доим ҳам ўз қўлимизда бўлавермайди. Ҳеч бўлмаса спорт билан шуғулланиш, соғлом уйқу кабиларни йоддан кўтармаслик ҳам асабларни юмшатади ва сочларда намоён бўлади.